...бошқа такрорланмайди деб кафолат беролмайман – хоразмлик валломат (видео)
Жамият
−
04 Август 2019
12747Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган видеоселектрда Фарғона, Қашқадарё ва Хоразм ҳокимлари “снос”лар сабабли кескин танқид қилингани, ҳатто, ҳиёнатда айблангани ҳақида хабар берган эдик.
Президент танбеҳидан кейин Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев риштонликлардан кечирим сўраб, масалага қўл учида қараган масъулларнинг ишдан бўшатилганини маълум қилди.
Фарғона ҳокимидан кейин зум ўтмай Қашқадарё ҳокими Зафар Рўзиев ҳам кечирим сўраб чиқди. Аммо унинг юзаки таассуфи ва узрини ҳокимлик вакилларидан бошқа ҳеч ким эшитмади, деса ҳам бўлади.
Ваниҳоят, Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов ҳам халқдан узр сўраб, келажакда янада эътиборли ва эҳтиёткор бўлишини айтиб чиқди.
“Азиз элдошлар, ҳурматли Ашхобод маҳалласи аҳли, бутун Хоразм вилояти жамоаси.
Бугун жуда афсусда, изтироб билан сизларнинг олдингизда турибман. Сизлар билан бошлаган ишимизнинг якунида, биз ўйламай қилган ишимиз натижасида, “Ашхобод” маҳалласида яшаётган жуда кўп аҳоли хонадонларини кўчирамиз, деган мақсадда сизларнинг кўп азият чекишингиз, қийналишингизга сабабчи бўлдик.
Албатта, бу ерда мен ўзимни айбдор деб биламан. Сабаби агарда буни олдинроқдан режалаштириб, ҳамма ҳисоб-китобларини қилиб, сизлар билан ҳисоблашиб қилганимизда бу воқеалар бўлмас эди.
“Ашхобод” маҳалласини саноат зонасида жойлашган, ҳеч қандай инфратузилмаси йўқ, эски жойлар эканини ҳам биламиз. Лекин биз тезроқ бу жойдан яхшироқ шароитга кўчирамиз, деб туриб, ўйланмай босган қадамимиз натижасида “Ашхобод” маҳалласида яшовчи кўпчилик хонадонларимизга нафақат моддий, ҳатто соғлигига ҳам зарар келтирдик.
Бугун сизларнинг олдингизда туриб, сизлардан кечирим сўрамоқчиман. Бундай масалаларни ўйламасдан қилишнинг кейини нимага олиб келишини биз кўриб, билиб, афсусланиб турибмиз.
Бу ишлар Президентимизнинг бутун дунёга эшикларни очиб, иқтисодиётни ривожлантириш учун турли давлатлардан катта-катта инвесторларни жалб қилган ҳолда, шу жумладан Хоразм вилоятини ҳам ижтимоий-иқтисодий дастурлари доирасида амалга оширилаётган ишлар соясида бу нарсаларнинг келиб чиқиши, албатта, нафақат Хоразм халқимизга, шу жумладан Президентимизнинг олиб бораётган сиёсатларига ҳам қарши бўлиб турибди.
Мен минг афсусдаман. Ижтимоий тармоқлар орқали мурожаатимдан бугунги кундаги олиб борилаётган сиёсатларни сидқидилдан бажариш учун, қолаверса олдимизга қўйган вазифаларни тўғри, ҳамжиҳатлик билан, халқ билан ҳисоблашиб, халқни рози қилиб ишлаш билан ишни бошлашни маъқул кўрамиз.
Ўз халқининг дахлсизлиги, ҳар хил нарсалардан сақлаш, унинг моддий неъматларини асраш – тўғридан тўғри вилоят ҳокимининг вазифасига киради. Лекин бугунги кунда менинг қўл остимдаги одамлар билан қилган ишларимиз талабга умуман жавоб бермаётганидан далолат бериб турибди.
Мен яна бир марта “Ашхобод” маҳалласи, бутун Хоразм халқидан кечирим сўрамоқчиманки, сабаби бундай ишлар нафақат “Ашхобод” маҳалласида, балки бошқа туманларда ҳам амалга ошмайди, деб кафолат беришдан йироқман.
Бугундан бошлаб ҳамма қилган ишларимизни яна бир марта сарҳисоб қилиб, хато жойлари бўлса, ҳаммасини жой-жойига қўйишга сўз бераман.
“Ашхобод” маҳалласида 394 та хонадон бор эди. Бу 394 та хонадон 19 гектар майдонга жойлашган эди. Бугун мана шу 394 та хонадондан 78 хонадон эгаси тўлиқ ҳисоб-китоб қилганимиздан сўнг яшаш учун ўзларининг уйлари бор эканини айтиб, бу ерда уй қурмаслигини билдириб, бошқа жойларга кетдилар. Қолган 150 та хонадонга намунавий уй берганмиз. Қолган хонадонларни қишнинг совуқ кунига қолмасдан ҳамжиҳатликда тез уйларига кўчириб ўтказиб, халқни рози қилсак, шунда гуноҳимизни ювган бўламиз, деб ўйлайман.
Президентимиздан, қолаверса бутун элимдан Хоразм фарзанди сифатида яна бир марта кечирим сўрамоқчиман. Бундан кейин қилинадиган ишларнинг ҳаммасини биринчи халқ билан, қолаверса ёши улуғлар, оқсоқоллар билан бамаслаҳат қиламан, деб ваъда бераман.
Шу билан биргаликда, йўл қўйилган хато-камчиликлар учун Хоразм вилояти саноатни ривожлантириш, қурилиш-коммуникациялар бўйича ҳоким муовини, шаҳар ҳокимининг қурилиш бўйича муовини, шаҳар ҳокимига хайфсан ва прокурорга хайфсан берилди. Бу ишларимизни яна давом қилдирамиз, агар қаердадир шундай камчиликларга йўл қўйган соҳа мутахассислари бўлса, жуда қаттиқ курашамиз.
Албатта, мен бугун халқимга сўз бераман, Президентимга сўз бераман, бундан кейин бундай ишларни оқсоқоллар билан маслаҳатлашиб қилсак, ҳамма ишнинг натижаси бўлади. Сизлардан яна бир марта кечирим сўраб, ишларга муваффақият тилаб, тезроқ уй-жойларни битиришга сўз берамиз.
Хато қилдик, буни тан олишимиз керак. Сизлар билан биринчи учрашган куним ҳам кечирим сўраганман. Биринчи кўргандан кечиринглар, деганман. Лекин бугун расман бутун эл, бутун жамият билиши керак. Бизнинг хатомизни ҳамма тушуниши керак. Эртага бошқа вилоят ҳокими хато қилмасин, бошқа туман ҳокими хато қилмасин. Халқни норози қилиш нимага олиб келишини ҳамма билиши керак”, деган Эрманов.
Эслатиб ўтамиз, “Ашхобод” маҳалласининг аҳолиси бузилган уйлари учун компенсация тўланмагани сабабли икки туманни боғловчи магистрал йўлни беркитиб қўйганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь