“Оёғи ердан узилган” ҳоким узр сўрайман деб, яна “қовун туширди” (видео)

Жамият

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кескин танқидидан кейин халқдан, риштонликлардан кечирим сўрагани ҳақида хабар берган эдик. У 14 нафар масъул ишдан олинганини маълум қилганди.

Фарғона раҳбари ортидан Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев ҳам узр сўраб чиқди. Фақат у яккабоғликлардан узр сўрадими ё хўжакўрсинга видеога тушиб бердими тушуниш қийин.

“Бўлган воқеаларда вилоят ҳокимлиги, туман ҳокимлиги айбдорлигини юз бора, минг бора азиз халқимиздан, ҳукуматимиздан, ҳурматли блогерларимиздан, ҳурматли журналистларимиздан, мана шу масалада азият чеккан тадбиркорларимиздан таъзим қилиб, сизларга яна бир марта илтифот қилиб, кечирим сўрамоқчиманки, мана шу масалада биз жуда катта хатоликларга йўл қўйдик”, дейди ҳокимбува Зафар Рўзиев.

Фақат унинг атрофида фуқаролардан кўра, оқ кўйлакли ҳокимлик ходимларининг кўплиги эътиборни тортди. Афтидан, Рўзиев узр сўраш учун ҳокимлик жамоасини тўплаган ва йўлига яккабоғликларнинг бир нечтасини чақирган. Мансабдорларнинг бедодлигидан азият чеккан, бульдозер ва ҳоким ўринбосарини ёқиб юборишни сўнгги чора деб, билган тадбиркор ҳамда унга ўхшаганлар эса ҳокимбуванинг узрини интернетта тарқалган видеолардан кўриб олиши керакдек. Хато устига хато деб, шуни айтишса керак. 

Яна Рўзиевнинг атрофидагилари мутелардек қўлида қоғоз-қалам билан ҳокимнинг айтганларини сўзма-сўз ёзиб боряпти. Ҳоким эса хатосини тан олгиси келмагандек, бўлган ишларда шахсларни эмас, вилоят ҳокимлиги, туман ҳокимлиги айбдорлигини айтиб турибди. Ҳўп, у айтганчалик вилоят ва туман ҳокимлиги айбдор бўлса, Рўзиевнинг кўзи қаерда эди? У вилоят раҳбари, Президентнинг ҳудуддаги вакили сифатида чора кўриши керак эди, чамамда. Давлат раҳбарининг халқ билан бўлиш ҳақидаги топшириғига Рўзиевнинг жавоби шуми? 

Бундан бир неча кун илгари у “оёғи ердан узилгани”, манманликка берилиб қолганини айтиб чиққанди. Навбатдаги видеода у ўзининг айтганларини яна бир бор исботлади. Рўзиевнинг мурожаати узр сўрашми ё кўзбўямачилик? Хулоса чиқариш ҳар кимнинг ўзига ҳавола.


Мақола муаллифи

Теглар

Яккабоғ Зафар Рўзиев

Баҳолаганлар

703

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг