Бош вазир ёрдамчиси Сарвар Ашуров ишдан олинди
Жамият
−
25 Ноябрь
8716Ўзбекистон Бош вазирининг ёрдамчиси – Бош вазир қабулхонасининг мудири вазифасида ишлаб келаётган Сарвар Ғаниевич Ашуров лавозимидан озод қилинди. Бу ҳақда Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов маълум қилди.
Ашуров нима сабабдан ишдан бўшатилгани очиқланмаган.
Маълумот учун, Сарвар Ашуров 1982 йилда туғилган, Ўзбекистон Миллий университети ва Тошкент молия институти битирувчиси ҳисобланади. У муқаддам “Камолот” ЁИҲ раиси ўринбосари ва ташкилотнинг вақтинчалик раиси лавозимларида ҳам фаолият кўрсатган. Ашуров 2020 йилнинг 10 июлидан 2022 йил январигача Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган. 2022 йил январда эса Вазирлар Маҳкамасининг Ёшлар, жамоат ташкилотлари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари котибияти мудири лавозимига тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Давлат хавфсизлик хизмати раиси лавозимида ишлаб келган Абдусалом Абдумавлонович Азизов лавозимидан озод қилингач, мудофаа вазири сифатида ишлаб келаётган Баҳодир Низомович Қурбонов Давлат хавфсизлик хизмати раиси этиб тайинланганди. Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи лавозимида ишлаб келган Шуҳрат Ғайратжонович Холмуҳаммедов эса Мудофаа вазири этиб тайинланди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи билан ИИВ Тезкор қидирув департаменти Жиноят қидирув хизмати бошлиғи полковник Аҳроржон Ҳалимжонович Атхамов ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари полковник Дониёр Бахтиёрович Тошхўжаев, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг тегишли буйруғи билан ИИББ Тезкор қидирув хизмати Жиноят қидирув бошқармаси Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими бошлиғи подполковник Темур Акрамович Собиров лавозимидан озод этилди.
LiveБарчаси
АҚШ долларининг расмий курси пасайди.
27 Декабрь