Бола коронавирус юқтириб олмаслиги учун нимага эътибор қаратиш керак? Мутахассисдан энг оддий тавсиялар
Саломатлик
−
22 Сентябрь 2020
10390Ўзбекистонда болаларнинг коронавирусга чалиниши билан боғлиқ ҳолатлар ортиб бормоқда. Куни кеча Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида 11 яшар боланинг ушбу вирус сабаб вафот этиши ҳам бунга яққол мисол бўла олади. Коронавирусни юқтириб олмасликда эса иммунитетни кўтариш муҳим ўрин тутади. Хўш, болалар иммунитетини кўтариш учун нималарга эътибор бериш керак? Бу ҳақдаги саволга коронавирусга қарши штаб аъзоси Барно Абдусаматова жавоб берди.
Унинг қайд этишича, мактаб ўқувчиларидаги иммунитет заифлигига кўпинча витаминлар танқислиги, ёмон уйқу ва доимий психологик стресс сабаб бўлади. Витаминлар танқислигини тўғри овқатланишни ташкил қилиш йўли билан олдини олиш мумкин.
“Мактаб ўқувчилари орасида пала-партиш овқатланувчи болаларнинг сони йилдан йилга ортиб боряпти. Ярим тайёр фасфуд таомлар кўпинча болаларга зарур бўлган витамин ва минералларни овқатдан олишига тўсқинлик қилади.
7 ёшдан 12 ёшгача бўлган даврда боланинг танасида бир вақтнинг ўзида ўсиш ва ўрганиш вазифаларини турганини унутмаслик керак. Бу эса ота-онадан алоҳида эътибор талаб этади.
Бола кунига камида 4 марта овқатланиш керак. Агар болада озғинлик ёки ортиқча вазн бўлса, шифокор маслаҳати зарур. Спорт билан шуғулланадиган ўқувчининг овқатланиши жисмоний машқлар ҳажмини ҳисобга олган ҳолда тузилиши талаб этилади”, дейди мутахассис.
Болалар йодланган тузни доимий истеъмол қилиши керак. Шунингдек, сув ичиш режимига амал қилиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Таомлар эса витаминларга бой бўлиши шарт.
“А витамини билан бойитилган сабзи ва ширин картошкани, цитрус мевалари ва брокколи С витамини ҳамда грипп ва нафас йўлларининг юқумли касалликларига қарши курашишда ёрдам берадиган Е витаминига бой ёнғоқлар, албатта, болалар рационида бўлиши мақсадга мувофиқ.
Тўғри овқатланишни ташкил қилишдаги биринчи қадам овқатланиш маданиятига риоя қилишдир. Нонушта, тушлик, кечки овқат мунтазам бўлиши ва жадвалга мувофиқ бўлиши керак.
Мактаб ёшидаги болаларининг организми маълум ритмларга мослашади. Шунинг учун ухлаш, овқатланиш, ўйнаш, юриш ва машқ қилиш учун вақт топиш жуда муҳимдир. Иммунитетни яхшилаш учун болани ёшлигиданоқ режимга кўниктириш яхшироқдир. Турли ёшларда эрталаб туриш, тушлик қилиш, уй вазифасини бажариш ва ётишга тавсия этилган вақт мавжуд”, дейди Абдусаматова.
Мутахасисларга кўра, кичик мактаб ёшидаги бола кечқурун соат 21:00да ётиши ва эрталаб соат 7:00да туриши керак. Каттароқ ўқувчилар кейинроқ, соат 22:00да ётишлари мумкин. Тўлиқ кунлик дам олиш иммунитетга ижобий таъсир кўрсатади. Уйқу пайтида бола организмидаги метаболизм тезроқ бўлади, шунинг учун болалар бу соатларда яхши ўсади.
Қолаверса, уйдаги ижобий психологик микроиқлим болалар саломатлигининг муҳим шартидир. Мактаб ўқувчисининг психологик ҳолатини баррқарорлаштиришнинг энг яхши усуллари бу дўстлар билан яхши мулоқотда бўлиш, севимли машғулотлари билан шуғулланиш, ота-оналар билан фильм томоша қилиш, ўйин ўйнаш ва саёҳат қилиш кабилардир.
Хулоса қилиб айтганда, мактаб ўқувчиларини иммунитети ошириш учун тўғри овқатланиш, вақтида ухлаш, кун тартибини тўғри ташкил этиш ва улар билан дустона муносабатда бўлиш муҳим ўрин тутади.
LiveБарчаси