Боғчали БМТни Раисийнинг ўлими бўйича текширув ўтказишга чақирди

Олам

image

Туркиянинг “Миллатчи Ҳаракат” партияси раиси Давлат Боғчали Бирлашган Миллатлар Ташкилотини зудлик билан Эрон Президенти Иброҳим Раисийнинг ўлими ҳолатларини текшириш учун комиссия йиғишга чақирди. 

“Атрофимизда содир бўлаётган воқеалар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Вертолётнинг қулаши оқибатида Эрон Президенти ва бортдагилар ҳалок бўлди. Бу бахтсиз ҳодисами ёки саботажми, билмайман, лекин минтақа тинчлиги учун имкон қадар тезроқ ҳақиқат ошкор этилиши шарт”, дейди Боғчали.

Унинг қайд этишича, бу воқеада Исроилнинг ролини, шунингдек, АҚШ билан алоқасини аниқлаштириш керак. 

“БМТ зудлик билан ташаббус кўрсатиши ва тергов ўтказиш учун мустақил халқаро комиссия чақириши керак”, дейди у парламентдаги нутқида.

Шунингдек, у фалокат ва минтақада мулоқот имкониятларини кенгайтириш ўртасида боғлиқлик бор-йўқлигига аниқлик киритиш зарурлигини урғулади. Чунки бу ҳодиса бу ҳолатга путур етказиши мумкин. Бундан ташқари, у Туркияда ҳам шунга ўхшаш фожиаларни бошдан кечириш эҳтимоли борлигини қўшимча қилди ва шунинг учун у ҳушёрликни, тайёргарликни ва эҳтиёткорликни оширишга чақирди.

Маълумот учун, Туркияда катта обрў-эътиборга эга бўлган сиёсатчи Давлат Боғчали ва унинг раҳбарлигидаги “Миллатчи Ҳаракат” партияси амалдаги давлат раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг асосий иттифоқдоши саналади. Эрдўған ўтган йил бўлиб ўтган президент сайловида айнан Боғчалининг қўллови билан муваффақият қозонди. 

Раисийнинг вафоти

Жорий йилнинг 19 май куни Эроннинг Шарқий Озарбайжон вилоятида Эрон Президенти ўтирган вертолёт ҳалокатга учради. Унда мамлакат Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён, Шарқий Озарбайжон вилояти ҳокими Малик Раҳмати ва Табриз шаҳрининг имоми Муҳаммад Али Але Ҳошем ҳам бўлган. Эрон Қизил ярим ой жамияти раҳбари Пир Ҳусайн Коливанднинг айтишича,  ҳалокатда вертолётнинг барча йўловчилари ва экипаж аъзолари ҳалок бўлган. Эрон вице-президенти Моҳсин Мансурий президент ва унга ҳамроҳлик қилаётганларнинг ўлими ҳақидаги хабарларни тасдиқлади.

Эроннинг амалдаги вице-президенти Муҳаммад Мохбер вақтинчалик Эрон Президенти бўлиши маълум қилинганди. Эрон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Али Багери Кани эса собиқ ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён вафотидан кейин вақтинчалик ташқи ишлар вазири вазифани бажарувчи этиб тайинланди. Мамлакат парламенти Ички ишлар қўмитаси раиси Муҳаммад Солиҳ Жокар Эронда навбатдан ташқари президентлик сайловлари келаси 50 кун ичида бўлиб ўтиши кераклигини айтди. Республика сайлов штабининг матбуот котиби Муҳсин Исломий Эронда муддатидан олдин президентлик сайловлари 28 июнь куни бўлиб ўтишини маълум қилди. Эрон олий диний раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий Президент Иброҳим Раисий ва унинг ҳамроҳлари вертолёт ҳалокатида вафот этгани муносабати билан 5 кунлик мотам эълон қилди

Эслатиб ўтамиз, 21 май куни Табриз шаҳрида Иброҳим Раисий ва унга ҳамроҳлик қилган расмийлар билан видолашув маросими бўлиб ўтганди. 22 май куни Эрон пойтахти Теҳрон шаҳрида Президент Иброҳим Раисий билан видолашув маросимида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этиши маълум қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Эрон Иброҳим Раисий Давлат Боғчали

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг