Боғчада ким илон билан томоша кўрсатгани аниқланди
3-саҳифа
−
20 Январь
10212Аввалроқ, мактабгача таълим муассасасида тарбияланувчиларга Ўрта Осиё кобралари билан томоша уюштирилгани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур ҳолат Тошкент вилояти Пискент туманида содир бўлган. Бу ҳақда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳолат жорий йилнинг 16 январь куни Тошкент вилояти Пискент туманидаги 7-сонли давлат мактабгача таълим муассасасида кузатилган. Видеода мактабгача таълим муассасасида тарбияланувчиларга ҳозирда ноёб, Қизил китобга киритилган Ўрта Осиё кобралари билан томоша уюштирилгани ва бунда боғча маъмурияти томонидан болаларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавфсизлик чоралари таъминланмагани акс этган.
Маълум бўлишича, томоша Олмалиқ шаҳар “Кумуш диёр” хусусий корхонаси тасарруфидаги “Тошкент” ҳаваскорлик цирк жамоаси ходими Ҳ.А. томонидан уюштирилган. Мазкур шахс ўқув йили аввалида туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлимига таълим тизимидаги муассасаларга цирк томошаларини намойиш қилиш бўйича хат ва дастур билан мурожаат қилган. Масъуллар томонидан ушбу томошаларга рухсат берилган. Намойишлар дастурида ҳайвонлар билан саҳна кўринишлари кўрсатилмаган. Ҳ.А. 16 январь куни тумандаги 7-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилотида болаларнинг ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлган жонзотлар билан ўйин кўрсатган.
Билдирилишича, Тошкент вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганиш ишлари олиб борилган. Ишчи гуруҳ хулосаси билан ҳолатга бевосита масъул бўлган, эътиборсизлик қилган шахсларга нисбатан чора кўрилган. Шу билан бирга, ҳолат юзасидан Пискент тумани ИИБ ходимлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Натижаси бўйича қўшимча ахборот берилади.
LiveБарчаси