Бобонов Абу-Даби “Катта Дубулға” турнирида совриндор бўлди
Спорт
−
29 Ноябрь 2021
3229Кеча, 28 ноябрь куни БАА мамлакати пойтахти Абу-Даби шаҳрида дзюдо бўйича “Катта Дубулға” туркумига кирувчи сўнгги мусобақа ўз якунига етди.
90 кг вазнда татамига чиққан Токио Олимпиадасининг бронза медали совриндори Давлат Бобонов мусобақанинг бронза медали учун кечган баҳсда франциялик Франсис Дамиерга қарши татамига чиқди ва рақибини чиройли иппон баҳоси билан мағлубиятга учратди.
Давлат Бобонов бронза медали билан бирга 500 рейтинг очкосига ҳам эга бўлди.
Бобонов ярим финал учрашувида россиялик Мансур Лорсановга қарши татамига чиқиб, қўшимча дақиқалардаги “вазари” эвазига имкониятни бой бериб қўйган эди. Чорак финалда эса тожикистонлик Жаҳонгир Мажидовни қўшимча дақиқаларда “иппон” баҳоси эвазига мағлубиятга учратган.
Эслатиб ўтамиз, 27 ноябрь кунги дастурда 73 кг вазн тоифасида Ҳикматиллоҳ Тўраев кумуш медални қўлга киритган эди.
Маълумот учун, Давлат Бобонов Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) рейтингида биринчи ўринни эгаллаб турибди.