БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори тайинланди
Жамият
−
05 Июнь 2024 4401 2 дақиқа
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш австриялик Сабине Маҳлни БМТнинг Ўзбекистон Республикасидаги доимий координатори этиб тайинлади. Бу ҳақда халқаро ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси хабар берди.
Сабине Маҳл 1 июндан бошлаб ўз вазифаларини бажаришга киришди. Ушбу тайинловга қадар доктор Сабине Маҳл 2019-2024 йилларда БМТнинг Грузиядаги доимий координатори лавозимида ишлаган.
Сабине Маҳл 22 йилдан ортиқ вақт давомида халқаро ташкилотларда фаолият олиб борган. Жумладан, Индонезия, Фаластин ва Қирғизистонда БМТ Аёллар ваколатхонаси раҳбари, Жануби-Шарқий Осиё давлатлари уюшмаси билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчи вазифасида ишлаган.
2007-2011 йилларда Сабине Маҳл Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотини Гаагадаги этник озчиликлар бўйича Олий комиссарининг собиқ Совет Иттифоқи мамлакатларини қамраб олувчи бўлими раҳбари/катта маслаҳатчиси лавозимида ишлаган.
2005-2007 йилларда Қирғизистонда ЕХҲТ маркази раҳбари ўринбосари ва ушбу ташкилотнинг бош қароргоҳида можароларнинг олдини олиш марказида Марказий Осиё бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган.
2001 йил давомида Сабине Маҳл ЕХҲТнинг Эстониядаги миссияси раҳбари ўринбосари лавозимига фаолият олиб борган ва 2000 йилда Австриянинг ЕХҲТга раислиги даврида у Австрия доимий ваколатхонасининг биринчи котиби лавозимида фаолият юритган. У, шунингдек, Австрия Ташқи ишлар вазирлигининг Сиёсий бўлимида Жануби-Шарқий Европа бўлими бошлиғи, Европа Парламентида, Венадаги учта турли судларда ва Кройдон/Лондонда ўқитувчи бўлиб ишлаган.
Сабине Маҳл Вена университетида таҳсил олган, иккита магистр даражасига эга (ҳуқуқ ва тиллар) ва ҳуқуқ фанлари доктори. Сабине Маҳл немис (она тили), инглиз, рус ва француз тилларини яхши билади. Оилали, икки ўғли бор.
Live
Барчаси