БМТда Ўзбекистон яна Россияга қарши овоз бермади
Олам
−
13 Октябрь 2023
20309БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Женевада бўлиб ўтган 54-сессиясида Ғарб давлатлари ташаббуси билан Россияга қарши резолюцияга овоз бериш жараёни бўлиб ўтди.
Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой ва яна тўрт давлат Россияга қарши резолюцияга қарши овоз берди, 22 давлат, жумладан, Ўзбекистон бетараф қолди. Россияда инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачининг ваколатини бир йилга узайтиришни назарда тутувчи қарор ҳужжати 47 овоздан 18 та овоз олди. Бу кам овоз ҳисобланади.
Қарорда Россиядаги инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачи Мариана Кацарова (Болгария) ваколатини бир йилга узайтириш кўзда тутилган эди. Унинг ваколатларига “барча манфаатдор томонлар, шу жумладан, Россия Федерацияси ва ундан ташқарида фуқаролик жамияти билан маслаҳатлашувлар ўтказиш” киради. Бундан ташқари, қилинган ишлар ҳақида Кацаровадан Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 57-сессияси ва БМТ Бош Ассамблеясининг 79-сессиясида ҳисобот тақдим этиш сўралади. Россия ҳукумати махсус маърузачига “мамлакатга тўсиқсиз ташриф буюришни” таъминлашга чақирилган.
Маълумотларга кўра, резолюцияга етти давлат – Боливия, Вьетнам, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Куба ва Эритрея қарши овоз берди.
Россияга қарши ташаббусни 18 давлат, жумладан, АҚШ, Буюк Британия, Европа Иттифоқи давлатлари, Аргентина, Грузия ва Украина қўллаб-қувватлади.
Ҳиндистон, Қатар, Малайзия, Мексика, Бирлашган Араб Амирликлари, Покистон, Судан, Ўзбекистон ва Жанубий Африка каби 22 делегация бетараф қолди. Россия Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзоси эмас, шунинг учун у овоз беришда қатнашмади.