БМТ Трампнинг Ғазо бўйича режасига муносабат билдирди
Олам
−
06 Февраль 2025 7570 2 дақиқа
Кеча, 5 февраль куни бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) йиғилишида ташкилот бош котиби Антониу Гутерриш АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Ғазода аҳолининг мажбурий кўчирилиши ҳақидаги ташаббусига жавобан ушбу ҳудудда этник тозалашнинг олдини олиш зарурлигини таъкидлади. Бу ҳақда “The Guardian” нашри хабар берди.
Антониу Гутерришга кўра, одамларни мажбуран кўчириш халқаро ҳуқуққа зиддир. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари этник тозалаш каби ғояларни қоралайди.
“Ечим йўлларини излашда биз муаммони янада оғирлаштирмаслигимиз керак. Халқаро ҳуқуқ асосларига содиқ қолиш муҳим. Этник тозалашнинг ҳар қандай шаклига йўл қўймаслигимиз керак. Шунингдек, икки давлат ғояси бўйича позицияни яна бир бор тасдиқлаш зарур”, дейди Гутерриш йиғилишда.
Маълумотларга кўра, тахминан ярим миллион нафар қочқин Ғазонинг шимолий ҳудудларига қайтган ва БМТ уларнинг эҳтиёжларини қондириш учун саъй-ҳаракатлар олиб бормоқда.
БМТ матбуот котиби Стефан Дюжаррик Ғазода минглаб одамлар очарчиликдан азият чекаётганини ва ушбу ҳудуддаги фаластинликларга тураржой тақдим этиш зарурлигини таъкидлади. Бундан ташқари, у Ғазода барқарор сулҳга эришиш ва барча маҳбусларни озод қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларни давом эттиришнинг муҳимлигини қайд этди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 февраль куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Оқ уйда Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуни қабул қилиб, Ғазо аҳолисининг келажаги ҳақида бир қатор баёнотлар берганди. Нетаньяху билан музокаралар олдидан журналистларга берган интервьюсида Трамп фаластинликларни Ғазодан зўравонликдан қўрқмасдан яшашлари мумкин бўлган жойларга доимий равишда кўчириш ғоясини қўллаб-қувватлашини айтган. Биньямин Нетаньяхуни Оқ уйда кутиб олган Трамп ўзи ва унинг жамоаси Ғазо аҳолисини жойлаштириш имкониятларини Иордания, Миср ва минтақадаги бошқа давлатлар билан қайта муҳокама қилаётганини айтган.
Live
Барчаси