БМТ афғон аёлларига қўйилган барча чекловларни бекор қилишни талаб қилди

Олам

image

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Розмари ДиКарло афғон ҳукуматидан мамлакатнинг аёл аҳолисига нисбатан барча камситувчи чекловларни зудлик билан бекор қилишни талаб қилди. Бу ҳақда у БМТнинг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида Афғонистон бўйича юқори даражадаги тадбирда сўз очди. 

Унинг эслатишича, БМТ Афғонистон билан халқаро ҳамкорликни кенгайтириш учун Доҳа жараёнига бошчилик қилмоқда. Бу жараён босқичма-босқич ёндашувни ўз ичига олади.

“Биз де-факто афғон ҳукуматидан бошқарувни янада инклюзив қилишини, аёллар ва қизлар ҳуқуқлари ва умуман инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишини ҳамда терроризм ва наркотикларга қарши самарали курашни кучайтиришини кутамиз. Бунинг эвазига халқаро ҳамжамият ўз чекловларини аста-секин юмшатади”, деб таъкидлади Розмари ДиКарло.

Унинг сўзларига кўра, “Толибон” ўз мажбуриятларини бажаришга мажбур бўлиши керак.

“Мақсад “Толибон”ни биринчи навбатда афғон халқи ва халқаро ҳамжамият олдидаги мажбуриятларини бажаришга мажбурлаш. Афғонистон халқаро ҳамжамиятга қайтиши мумкин бўлган ягона йўл шу”, дея қўшимча қилди у.

Жорий йилнинг июль ойида бўлиб ўтган сўнгги шундай учрашувда ДиКарло ва бошқа кўплаб иштирокчилар аёллар ва қизларга нисбатан қабул қилиб бўлмайдиган чекловлар масаласини кўтариб, бу жаҳон ҳамжамиятининг “Толибон” билан ўзаро ҳамкорлигига тўсқинлик қилаётганини таъкидлади.

“Толибон” афғон фуқаролик жамияти билан учрашишдан бош тортган бўлса-да, махсус вакиллар фуқаролик жамияти, жумладан, афғон аёллари билан алоҳида музокаралар ўтказган. Биз Доҳадаги ушбу учрашув де-факто расмийлар билан янада мазмунли мулоқотда янги бобнинг бошланиши бўлишига умид қилдик”, дея таъкидлади ДиКарло.

Унинг айтишича, Афғонистонда яқинда қабул қилинган “Эзгуликни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш тўғрисида”ги қонуннинг аёлларга нисбатан қўшимча чекловлар қўйиши бу жараённи орқага қайтариши мумкин.


Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Толибон” сўнгги вақтларда жамоат тартиби бўйича қатор чеклов ва тақиқлар жорий этганди. Жумладан, зарурат бўлмаганда аёлларга кўчага чиқишни, сотувчилар билан савдолашишни ҳамда бегона эркакларга қарашни тақиқлаганди.

Жасмина Расулова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Афғонистон БМТ афғон аёллари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг