Блинкеннинг инсон ҳуқуқлари бўйича ўринбосари Ўзбекистонга келяпти
Жамият
−
18 Май
4243АҚШ Давлат котибининг фуқаролик хавфсизлиги, демократия ва инсон ҳуқуқлари бўйича ўринбосари Узра Зея жорий йилнинг 19-23 май кунлари Қозоғистон ва Ўзбекистонга келади. Бу ҳақда АҚШ давлат департаменти хабар берди.
Билдирилишича, саёҳатдан мақсад демократик бошқарув, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳимоя қилиш, шунингдек, диний эътиқод эркинлиги масалаларини муҳокама қилишдан иборат.
Қайд этилишича, Тошкентда Узра Зея “Минтақавий мулоқот” ташкилоти томонидан конституциявий жиноят процессига бағишланган илмий анжуманда иштирок этади. Анжуман давомида у Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва одил судловдан тенг фойдаланиш бўйича конституциявий ислоҳотларни амалга оширишни қўллаб-қувватлаш борасида нутқ сўзлайди.
Шунингдек, Давлат котиби ўринбосари ташриф давомида юқори лавозимли амалдорлар, фуқаролик жамияти вакиллари ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан учрашиб, гендер тенглиги, зўравонликка қарши курашиш, диний эркинликни қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламини ҳимоя қилиш масалаларини муҳокама қилади.
Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг сенатор Стивен Дэйнс ҳамда Вакиллар палатаси қўмитаси раиси, конгрессмен Майк Рожерс бошчилигидаги делегация жорий йилнинг март ойида Тошкентда келиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қабулида бўлган эди. Давлат котиби Энтони Блинкен эса 2023 йилнинг март ойида Қозоғистон ва Ўзбекистонга келганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь