Блинкен Молдова ва Чехияга боради. АҚШ Шарқий Европадаги вазиятдан хавотирда
Олам
−
29 Май
4587АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Россиянинг Украинадаги ютуқлари, Кремлнинг Молдовага потенциал аралашуви ва Грузияда москвапараст қонунлар қабул қилинишидан хавотирлар кучайган бир пайтда, шу ҳафта Шарқий Европага боради. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти хабар берди.
Блинкен дастлаб Молдова пойтахти Кишинёвга боради ҳамда 30-31 май кунлари Прагада НАТО Ташқи ишлар вазирларининг йиғилишида иштирок этади. Учрашув июль ойида Вашингтонда НАТОнинг 80 йиллигига бағишланган етакчилар саммити олдидан сўнгги йирик дипломатик йиғин бўлади.
Ушбу ташриф Блинкеннинг Украинага кутилмаган ташрифидан икки ҳафта ўтиб содир бўлмоқда. “Америка овози”нинг ёзишича, Россия Молдовада янги ҳаракатларни кўриб чиқаётгани ва Грузиядаги Ғарбга қарши ҳаракатларнинг ортида тургани, бу эса ўз ўрнида Қўшма Штатларнинг Молдова ва Грузияни Европага интеграция қилиш истагига зид эканини айтмоқда.
“Блинкен Кишинёвда Молдова Президенти Майя Санду билан учрашиб, АҚШ Молдованинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш йўлидаги тараққиётини қўллаб-қувватлашини тасдиқлайди”, дейилади Давлат департаменти баёнотида.
АҚШнинг Европа бўйича бош дипломати Жеймс О’Брайеннинг айтишича, Блинкен Молдовага "кучли" ёрдам пакетини эълон қилади.
"Биз ҳозирда тўғридан тўғри ҳарбий таҳдидни кўрмаяпмиз, аммо Россиянинг таъсир қилиш операциялари давом этмоқда ва бу ташвиш уйғотмоқда", деган О’Брайен журналистларга ёрдам пакети ҳақида батафсил маълумот бермасдан.
Молдова бир неча бор Россияни мамлакатга қарши "гибрид уруш" олиб боришда, маҳаллий сайловларга аралашишда ва ҳукуматни ағдариш ва мамлакатни Европа Иттифоқига аъзолик йўлидан қайтариш учун кенг кўламли дезинформацион кампаниялар олиб боришда айблаган.
Россия бу айбловларни рад этишига қарамай, Молдова ҳукумати Москванинг ниятидан эҳтиёт бўлади.
Прагада эса Блинкен Чехия Ташқи ишлар вазири Ян Липавский ва бошқа расмийлар билан учрашиб, Украинани қўллаб-қувватлаш, жумладан, Чехиянинг Киевга қўшимча ўқ-дорилар етказиб бериш ташаббусини муҳокама қилади ва сўнгра НАТО йиғилишида иштирок этади.
Украина кун тартибидаги асосий масала бўлса-да, НАТО вазирлари Украина каби НАТОга аъзо бўлишга интилаётган Грузиядаги воқеаларни ҳам муҳокама қилади. Кўпчиликнинг фикрича, Грузиянинг Ғарб томон интилишларини барбод қилиш учун қабул қилинган “хорижий агентлар” ҳақидаги қонун лойиҳаси бўйича мамлакатда тортишувлар бор.
Эслатиб ўтамиз, икки ҳафта муқаддам АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен эълон қилинмаган ташриф билан Киевга борганди.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь