Блинкен кутилмаганда Киевга борди
Олам
−
14 Май
5766АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен эълон қилинмаган ташриф билан Киевга борди. У Украина пойтахтига Польшадан тунги поездда бугун, 14 май куни эрта тонгда етиб борди. Бу ҳақда Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Мэтью Миллер хабар берди.
Қайд этиш жоизки, бу Блинкеннинг Украина пойтахтига Россиянинг кенг миқёсли босқинчилиги бошланганидан бери тўртинчи ташрифи. Сафар давомида Украина Президенти Владимир Зеленский ва Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба билан учрашувлар режалаштирилган.
Мэтью Миллернинг сўзларига кўра, музокараларда фронтдаги вазият ва АҚШнинг янги хавфсизлик ва иқтисодий ёрдамининг таъсири муҳокама қилинади.
“Биз АҚШнинг хавфсизлик бўйича узоқ муддатли мажбуриятлари ва Украина иқтисодиётини тиклаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида гаплашамиз”, дейди Миллер.
Бундан ташқари, Блинкен давом этаётган Россия тажовузи фонида АҚШнинг Украина суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва демократиясига содиқлигини таъкидламоқчи. Унинг украиналикларга мурожаати ҳам режалаштирилган.
Блинкен билан поездда бўлган АҚШ маъмуриятининг юқори мартабали амалдори журналистларга сафар “жуда оғир аҳволда” қолган украиналикларга кучли ишонч сигналини бериши кераклигини айтди. У Украина шарқидаги жанглар ва Россиянинг Харьковга ҳужумларига ишора қилди.
Сўнгги ҳафталарда Вашингтон Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича бир қанча янги мажбуриятларни эълон қилди. Апрель ойида АҚШ Конгресси бир неча ойлик муҳокамалардан сўнг Киевга 61 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатишни маъқуллаган эди. Пентагон маълумотларига кўра, кенг кўламли уруш бошланганидан бери Қўшма Штатлар Украинага 50,6 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатган.
Айни пайтда Россия қўшинлари Харьков вилоятида ҳужумларини сезиларли даражада кучайтирди ва бир нечта аҳоли пунктларини эгаллаб олди. 13 май куни Украина Қуролли кучлари Бош штаби Харьков яқинидаги Россия армиясининг тактик муваффақиятини эълон қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь