Бизда энг кўп ядро қуроли бор – Трамп
Олам
−
23 Октябрь 5259 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп ядро қуроллари захиралари бўйича АҚШнинг Россия ва Хитойдан устунлигини маълум қилди. Бу ҳақда у кеча, 22 октябрь куни Оқ уйда бўлиб ўтган брифингда сўз очди.
“Бизда энг кўп ядро қуроли бор. Россия иккинчи ўринда. Хитой эса учинчи ўринда, лекин анча орқада қолмоқда. Бироқ улар 4-5 йил ичида бизни қувиб етишлари мумкин”, дейди АҚШ Президенти.
Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан Жанубий Кореяда бўладиган учрашув арафасида Трамп ядро соҳасида ҳам келишувга эришишига умид билдирган.
Маълумот учун, ҳозирда дунёда тўққизта давлат ядро қуролига эга. Шулардан бештаси – Буюк Британия, Хитой, Россия, АҚШ ва Франция расмий ядро давлатлари бўлиб, уларнинг мақоми 1968 йилдаги Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномада мустаҳкамлаб қўйилган.
Стокгольм тинчлик муаммоларини ўрганиш халқаро институти (SIPRI) таҳлилчиларининг ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йил январь ҳолатига дунёда жами 12 241 дона ядро каллаги мавжуд бўлган. Ядро қуролларининг қарийб 90 фоизи ҳамда барча ҳисобдан чиқарилган каллаклар Россия ва АҚШ ҳиссасига тўғри келади – мос равишда 4309 ва 3700 та. Ҳар иккала давлат ҳам фаол модернизация олиб бормоқда, бу эса келажакда уларнинг арсеналлари ҳажми ва хилма-хиллигини ошириш имконини бериши мумкин.
Таҳлилчиларнинг ҳисобига кўра, Хитой арсеналида 600 та ядро каллаги бор. Хитой захиралари бошқа барча ядро давлатларига қараганда тезроқ – 2023 йилдан бери йилига тахминан 100 каллакдан ортиб бормоқда.
SIPRI маълумотларига кўра, 2030 йиллар бошига бориб Хитой Россия ва АҚШдаги каби миқдорда қитъалараро баллистик ракеталар ишлаб чиқиши мумкин. Бироқ агар Пекин 2035 йилга бориб 1,5 минг ядро каллагига эга бўлса ҳам, бу барибир Вашингтон ва Москвадаги захираларнинг атиги учдан бир қисмига тенг бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон 2015 йилда йирик давлатлар билан имзоланган, санкцияларни бекор қилиш ва ядровий дастурга чекловлар жорий этиш эвазига тузилган Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режасини расмий равишда бекор қилганди. Мазкур келишув Эрон, Хитой, Россия, АҚШ, Буюк Британия, Франция ва Германия ўртасида имзоланган бўлиб, унинг мақсади Эронни ядровий қурол яратишдан тўхтатиш эди. Бироқ 2018 йилда Дональд Трампнинг қарори билан АҚШ битимдан чиқиб, санкцияларни қайта тиклагач, келишув амалда кучини йўқотди.
Live
Барчаси