Биз ер бермайяпмиз, олдин берилган нарсаларни қайтариб оляпмиз – Жапаров “Кампиробод” келишуви ҳақида
Олам
−
17 Ноябрь 2022
16400Бугун, 17 ноябрь куни Қирғизистон парламентида депутатлар Ўзбекистон билан Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегарасининг алоҳида участкалари ва "Кампиробод" сув омборини биргаликда бошқариш бўйича келишувни кўриб чиқмоқда. Учрашувда мамлакат Президенти Садир Жапаров ҳам иштирок этмоқда. Бу ҳақда 24.kg хабар берди.
Жапаров депутатларни Ўзбекистон билан давлат чегараси ҳақидаги келишувни қўллаб-қувватлашга чақирди. У парламентнинг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси йиғилишида беш нафар депутат қўмита қарори учун овоз бермай, йиғилишни тарк этганига муносабат билдирди.
“Популист бўлиш, йиғилишни тарк этиб, кворумни бузишга уринишнинг ҳожати йўқ... Давлат тақдири ҳал қилинаётганда бундай қилмаслик керак. Ҳукуматга мухолифатда бўлиш мумкин, лекин давлатга мухолифат бўлиш шарт эмас. Кўпчилик оддий фуқаролар ҳужжатларни кўрмасдан саволни тушунмасликлари учун бақиришмоқда. Ҳаммасини кўрасиз, архив ҳужжатлари бор. Қанчалик бақирмасинлар, қаршилик қилишмасин, аввало шу масалани ўрганиб, бу фойдали келишув эканини тушуниб, масъулиятли қарор қабул қилсангиз яхши бўларди. Халқ сизни мамлакат тақдирини ҳал этишингизга ишонгани учун танлади”, дейди Садир Жапаров.
У депутатларни қўрқмасликка чақириб, ҳукумат тўғри йўлда эканини айтди.
“Биз ерни бермаяпмиз, аксинча, аввалги ҳукмдорлар берган нарсаларни қайтариб оляпмиз. Қамчибек Ташиев буни фактлар ва архив ҳужжатлари билан исботлади. Бугун биз тўғри қадам ташламоқдамиз ва содир бўлаётган воқеаларга тарих баҳо беради. Ҳаммаси архивда қолади. Шахсий манфаатларингизни вақтинча четга суриб қўйиш керак. Қаршилик қилаётганларга дўстингиз бўлгани учун қўшилишингизга арзимайди. Юрт яхлитлигини ўйлаб кўрайлик", деган Президент.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 14 ноябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов иштирок этиб, илк бор "Кампиробод" сув омбори қандай қилиб Ўзбекистонга ўтаётганига аниқлик киритган эди.
Маълумот учун, “Кампиробод” сув омбори – Тянь-Шан тоғ тизмаларининг 5 ирмоғидан пайдо бўлувчи Қорадарё ўзанига қўйилган гидротехника иншооти. 1962 йили лойиҳалаштирилиб, 1968-1982 йилларда қуриб битказилган бу сув омборининг умумий майдони – 55 кв км, сув сиғими – 1 млд 950 м3 бўлиб узоқ йиллар давомида Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасида талаш бўлиб келаётган эди.