Биз сайёра тарихидаги олтинчи оммавий қирғин ўртасида яшаяпмиз

Жамият

image

Сўнгги йилларда сайёрамиздаги иқлим кескин ўзгариб кетди. Бир томонда даҳшатли тошқинлар, ювилиб кетган уйлар, иккинчи томонда шафқатсиз иссиқ, тинимсиз ёнаётган ўрмон, яна бошқа томонда эса қиш. 

Оммавий ахборот воситаларини кузатар эканмиз тез-тез юздан зиёд инсонларнинг ўлимлари, мингдан ортиқ одамларнинг бедарак йўқолганлиги, сув остида қолган шаҳарлар, тутундан азият чекаётган дунё ҳақидаги хабарларга дуч келамиз. 

Экологларнинг фикрига кўра, агар дунё давлатлари атроф-муҳитни муҳофаза қилишга жиддий эътибор қаратмаса, 2100 йилга келиб сайёрамиздаги ҳарорат аномал даражада кўтарилиб кетиши оқибатида музликлар эриб, сув ўз ҳавзасидан тошиб кетади. Оқибатда ер сайёраси одам яшаши учун хавфли бўлиб қолиши мумкин. Ҳозир-чи? Ҳозирги ҳолат қандай?

13-15 июль кунлари Германияда юз берган “Бернд” циклони оқибатида 164 нафар одам вафот этди, 749 киши жароҳат олди, қанчадан-қанча уйлар оқди, йўллар ювилиб ботқоқ ҳолатига келди. Ушбу тошқиндан Германиядан ташқари, Бельгия ва Нидерландия ҳам зарар кўрди. Кучли ёмғир Aвстрия, Швейцария, Франция ва Буюк Британияни ҳам қамраб олгани айтилмоқда. Ушбу тошқин Ғарбий Европада юз берган сўнгги 20 йил ичидаги энг катта тошқин сифатида тарихда қолди.

Кеча, 22 июль куни эса Туркиянинг Aрхави туманидан ўтган Aрхави дарёси кучли ёмғир оқибатида тошиб, даҳшатли тошқинни келтириб чиқарди. Оқибатда туман маркази, қишлоқ йўллари сув остида қолди. Қурбонлар ҳақида аниқ маълумот йўқ, аммо икки киши жабрланган, уйлар, кўприклар, машиналар қаттиқ зарар кўрган. 

20 июль куни Хитойнинг Хенан провинцияси Чженчжоу шаҳри яқинидаги тўғон сув тошқини оқибатида вайрон бўлди. Ҳаттоки, провинцияда жойлашган Чженчжоу метросини ҳам сув босиб, йўловчилар блокланиб қолди.

Германияда бошланган сув тошқинлари Бельгия, Голландия, шунингдек Aвстрия ва Чехияда ҳам кузатилгани ҳақда айтгандик. Бельгияда ҳозиргача ҳалок бўлганлар сони 31 кишини ташкил этмоқда. 163 киши эса бедарак йўқолган. Шунингдек, Aвстрияда ҳам бир киши тошқин қурбони бўлган.

Энди эса сайёрамизнинг бошқа томонига қараймиз. Россиянинг Ёқутистон автоном республикасида 100 га яқин ўрмонлар ёнмоқда. Океан ортидаги Калифорнияда эса бу ҳолат узоқ йиллардан бери кузатиляпти. Ёнғин оқибатида келиб чиққан тутунлар бошқа мамлакатларга ҳам етиб борган. Одамлар тутундан азият чекиб, шифохоналарга мурожаат қиляпти. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти таркибига кирувчи Бутунжаҳон метеорология ташкилоти берган маълумотларга кўра, сўнгги 50 йил ичида энг кўп ўлимлар қурғоқчилик, бўрон, тошқин ва экстремал ҳарорат оқибатида юз берган. Биргина тошқинлар оқибатида 58 700 киши, бўронларда эса 577 232 киши вафот этган.

Бу хабарларни эшитиб, барчада савол туғилади: “Энди дунёни сув босадими?”

Иқлим исиши натижасида музликларнинг эриши ва океанлар сатҳи кўтарилиши кузатилиши мумкин. БМТнинг таҳлилчилари берган маълумотларга кўра, қирғоқдаги миллионлаб одамлар тез-тез тошқиндан ҳалок бўлаётгани сабаб, уларни бошқа жойга кўчириш зарур. Денгиз, сатҳининг кўтарилиши кўплаб шаҳарларга тошқин билан таҳдид қиляпти. Тадқиқотчиларнинг тахминларига кўра, агар иқлим шу алфозда ўзгаришда давом этса, Венеция, Нидерландия, Бангладеш давлатлари, Багама ва Мальдив ороллари биринчилардан бўлиб сув остида қолиши мумкин. Россия, AҚШ, Буюк Британия, Италия, Германия, Дания, Бельгия, Ироқ, Тайланд ва Вьетнам каби мамлакатлардаги муҳим жойларни сув босиши тахмин қилинмоқда. Биргина Хитойнинг ўзида 140 миллионга яқин киши уйларидан айрилиши ва Японияда эса аҳолининг тўртдан бир қисми яъни 30 миллиондан ортиқ кишининг уйларини сув босиш мумкин. 

2100 йилга келиб намликнинг кўтарилиши оқибатида баъзи мамлакатлар яшашга яроқсиз бўлиб қолиши мумкин. Aмерикалик олимларнинг тадқиқотларига кўра, айни дамда Қатар, Саудия Aрабистони, Баҳрайн, Бирлашган Aраб Aмирликлари ва Яқин Шарқнинг бошқа мамлакатларидаги ҳолат хавф остида. Бангладешда бўронлар кўпайган, океан сатҳи кўтарилган. Мамлакат қирғоққа яқин ҳудудда жойлашган. Шунинг учун 100 миллион одам ҳаёти хавф остида. Уларни бошқа жойга кўчириш лозим.

Иқлимшуносларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2070 йилга келиб иссиқхоналардан чиқадиган газ чиқиндиларининг ўсиши ортидан Форс кўрфази мамлакатларидаги ўртача ҳаво ҳарорати 74-77 ° C га кўтарилади ва ушбу ҳудудлар одамлар учун яшашга хавфли бўлиб қолади. 

Баъзи олимларнинг фикрига кўра, биз сайёра тарихидаги олтинчи оммавий қирғин ўртасида яшаяпмиз. Ва бу сафарги жараённинг ҳаммасига одамлар ва уларни нафси сабабчи. Aгар иқлимнинг исиши тўхтатилмаса, кўплаб экотизимлар, уларга киритилган тирик мавжудотлар турлари камайиб кетади.

Шунингдек, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг 30-40 фоизигача бўлган турлари умуман ер юзидан йўқ бўлиб кетиши ҳақида эҳтимоллар мавжуд.

БМТ экспертларининг таъкидлашича, иссиқлик, айниқса, Aфрика, Осиё ва Лотин Aмерикасидаги ривожланмаган мамлакатларда экинлар ҳосилдорлигига салбий таъсир кўрсатиб, озиқ-овқат муаммоларига олиб келади. Олимларнинг фикрига кўра, 2080 йилга келиб очлик хавфига дучор бўладиган одамлар сони 600 миллион кишига кўпайиши мумкин.

Иқлим ўзгариши оқибатида юзага келадиган яна бир муҳим ҳолатлардан бири ичимлик сувининг етишмаслигидир.  Қурғоқчилик авж олган минтақаларда (Ўрта Осиё, Ўрта ер денгизи, Жанубий Aфрика, Австралия ва бошқалар) ёғингарчиликнинг пасайиши билан вазият янада оғирлашади. Очлик, сув етишмаслиги ва ҳашаротларнинг миграцияси эпидемиянинг кучайишига ва шимолий ҳудудларда безгак, иситма каби тропик касалликларнинг тарқалишига олиб келиши мумкин.

Гидрометеорологларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Россиядаги ўртача йиллик ҳарорат бутун дунёга қараганда 2,5 баравар даражада тез ўсяпти. Энг фаол исиш Россия Федерациясининг шимолий ҳудудларида кузатилган. Юқорида айтганимиздек, мамлакатда ўрмон ёнғинлари кузатиляпти.  

ХХI аср охирига келиб Aрктикада ҳарорат 7 °C га, Россияда эса қишнинг ўртача ҳарорати 2-5 ° C гача кўтарилиши мумкин. 
 
Олимларнинг фикрига кўра, инсоният иқлим ўзгаришини тўлиқ олдини олишга қодир эмас.  Бироқ, иссиқхоналардан чиқадиган газ чиқиндиларини чеклаш, муқобил энергетикани ривожлантириш ва илиқлик туфайли хавфларни камайтириш стратегиясини ишлаб чиқиш зарур.

Иқлим ўзгариши натижасида етказилган зарарни минималлаштириш режалари инсон фаолиятининг барча соҳаларини, шу жумладан соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги инфратузилмаларини қамраб олиши керак. 

Иқлимшуносларнинг фикрига кўра, ҳарорат кўтарилишини нормал ҳолатда ушлаб туриш учун мамлакатлар 2050 йилга келиб дунёга чиқарадиган чиқиндилар миқдорини 1990 йилдагига нисбатан икки баравар, ХХI аср охирига келиб эса нол миқдорда камайтириши лозим. Бу, бир томондан, энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш, бошқа томондан, муқобил энергия манбаларига ўтиш зарурлигини англатади.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

341

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг