Биз Ғарбга муҳтож эмасмиз – Пезешкиён
Олам
−
18 Январь
3952Россия ва Эрон ўртасидаги стратегик шериклик тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши икки давлатнинг Ғарбга муҳтож эмаслигига яққол далил бўлди. Бу ҳақда Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён россиялик журналист Владимир Соловёвга “Соловёв Live” телеканалида берган интервьюсида маълум қилди.
“Москва ва Теҳрон давлатларимизнинг ролини ташқи кучлар белгилашига рози эмас. Биз мустақил сиёсат олиб боришга қодирмиз ва минтақада хавфсизлик ҳамда иқтисодиётни ривожлантириш учун биргаликда ҳаракат қилишга тайёрмиз. Биз Ғарбга муҳтож эмасмиз”, деди у.
Пезешкиённинг таъкидлашича, Россия билан барча соҳаларни қамраб олган стратегик шериклик тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши икки давлатнинг айнан шундай ёндашувга амал қилиб келаётганини бутун дунёга кўрсатган.
Эрон Президентининг фикрича, агар Эрон ва Россия ташқи кўрсатмаларга амал қилганида, бугунги кунда “ўз қиёфаси ва сиёсатини бир неча бор ўзгартирган бўлар эди”.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 17 январь куни Кремлда Россия ва Эрон Президентлари Владимир Путин ҳамда Масъуд Пезешкиён музокаралар якунлари бўйича икки давлат ўртасида барча соҳалардаги шерикликни қамраб олган стратегик ҳамкорлик шартномасини имзолаганди. Бу келишув икки томонлама ҳамкорликнинг барча соҳаларини ўз ичига олади. Хусусан, мудофаа, терроризмга қарши кураш, энергетика, молия, транспорт, саноат, қишлоқ хўжалиги, маданият, фан ва технологиялар каби соҳалар шулар жумласидан.