Путин Пезешкиён билан учрашди (видео)
Олам
−
17 Январь
2955Кремлда Россия Президенти Владимир Путин ва ушбу давлатга расмий ташриф билан келган Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Россия томонидан Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Бош вазир ўринбосари, Президентнинг “Шимол-Жануб” халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш бўйича махсус вакили Виталий Савельев, Президент ёрдамчиси Юрий Ушаков, Россиянинг Эрондаги элчиси Алексей Дедов ҳамда Россиянинг Энергетика вазири, Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Россия-Эрон доимий комиссияси ҳамраиси Сергей Цивилев иштирок этди.
Путин нутқи билан бошланган учрашувда Россия раҳбари Пезешкиёнинг ушбу ташрифи алоҳида аҳамиятга эгалигини айтди.
“Чунки биз нафақат имкониятга эга бўламиз ва ҳамкорлигимизнинг барча йўналишларини муҳокама қиламиз, балки Россия ва Эрон ўртасида кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги йирик асосий шартномани ҳам имзолаймиз. Биз бу борада анчадан бери ишлаяпмиз ва бу иш якунланганидан жуда хурсандман. Бу муҳим, чунки у бизга ўзаро муносабатларимизнинг деярли барча соҳаларига қўшимча туртки бериш имкониятини яратади”, деган Путин.
Президент Путин ўз нутқида икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантиришга ҳам тўхталиб, ўтган йилнинг 10 ойи давомида товар айирбошлаш ҳажми 15,5 фоизга ўсганини маълум қилди. У, шунингдек, йирик лойиҳаларни, жумладан, атом энергетикаси соҳасидаги лойиҳаларини давом эттиришини айтган.
Путин ўз сўзини якунлагач, Эрон Президенти нутқ сўзлади. Пезешкиён Москвага келишидан олдин Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий билан суҳбатлашгани, Хоманаий унда Россия билан ҳар томонлама муносабатларни ривожлантириш муҳимлигини айтганини таъкидлади.
“Сиз ўринли таъкидлаганингиздек, аслида нафақат минтақадаги, балки халқаро майдондаги ҳамкорлигимиз, икки томонлама товар айирбошлаш ривожи – буларнинг барчаси бизни чинакам қувонтиради. Ишончим комилки, бугунги кунда икки давлат фаолиятининг барча соҳалари, жумладан, маданият, иқтисодиёт, гуманитар соҳаларни қамраб олган йирик шартномамиз имзоланиши икки томонлама муносабатлар ривожига катта туртки беради ва бу олдинга силжиш учун мустаҳкам пойдевор бўлади”, деган Пезешкиён.
У ўз сўзи давомида атом электр станциясини қуриш ҳақидаги келишув жуда яхши янгилик эканини билдирди. Расмий суҳбатдан сўнг Путин ва Пезешкиён 2001 йилда Москвада имзоланган Россия ва Эрон ўртасидаги муносабатлар асослари ва ҳамкорлик тамойиллари ҳақидаги амалдаги ҳужжат ўрнини босувчи ҳар томонлама стратегик шериклик тўғрисидаги битимни имзолади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён расмий ташриф билан Россияга борганди.