Биз доим Украина тарафида бўлганмиз – Алиев

Олам

image

Озарбайжон Россия билан қуролли тўқнашув бошланганидан буён Украина ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаб келади. Бу ҳақда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев “Al Arabiya”га берган интервьюсида айтиб ўтди.

Алиевнинг урғулашича, Россия Украинага қарши юриш бошлаганидан буён Озарбайжон россияликларнинг ҳаракатини кескин қоралаб, украиналикларни қўллаб-қувватлайди. Президентга кўра, Озарбайжон ва Россия ўртасига совуқчилик тушмасидан олдин ҳам мамлакат шу позицияда бўлган. 

“Бизнинг бу масаладаги фикримиз аниқ. Яна Озарбайжон-Россия муносабатлари доирасида ўртага ташланган масалага қайтадиган бўлсак, Россиянинг Украинага бостириб кирган илк кунларидан бошлаб, биз Украина ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватладик ва буни давом эттирмоқдамиз”, деган Алиев. 

У, шунингдек, чегараси бузилган мамлакат сифатида Озарбайжон барча бошқа давлатларнинг яхлитлигини ҳимоя қилишга тайёрлигини таъкидлаган. 

Алиев бу фикларни илк бор майдонга ташлаётгани йўқ. Масалан, жорий йилнинг 19 июль куни Хонкендида бўлиб ўтган учинчи Шуша халқаро медиа-форумида Алиев украиналикларга “ҳеч қачон ерингизни босиб олишларига рози бўлманг”, дея маслаҳат берганди. Давлат раҳбари Бакуни мисол келтириб, вазиятни Қорабоғ учун Арманистон билан бўлган можарога қиёслаган.

Россия ва Украина муносабатлари халқаро майдонда ҳозиргача жиддий масала бўлиб қолмоқда. Орадаги зиддиятлар 2024 йилнинг 25 декабрь куни – Баку-Грозний йўналишида учаётган Embraer-190 самолёти Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри яқинида ҳалокатга учраши ортидан пайдо бўлди. Ўша машъум ҳодисада 38 киши ҳалок бўлган эди. Қозоғистон Транспорт вазирлигининг дастлабки ҳисоботида самолёт иккита зарбадан кейин баландликни йўқота бошлагани қайд этилган. Алиев эса бу воқеада ташқи таъсир бўлганини билдириб, бу “россияликларнинг иши” эканини ва Путин бу учун узр сўраши кераклигини айтди. 

Жорий йилнинг июнь ойи охирида эса Россиянинг 24 йил олдинги воқеаларни ковлаши, икки мамлакат ўртасини боғлаб турган сўнгги ипни ҳам узиб юборди. Ўша текшир-текширлар доирасида икки озрабайжонлик юрак хуружидан вафот этганди. Озарбайжон эса жасадларда зўравонлик излари борлигини билдирган ва қасддан одам ўлдириш, қийнаш ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш моддалари билан жиноят иши қўзғатган. 

Шунча воқеалардан кейин анчагина довюрак бўлиб улгурган Озарбайжон Баку шаҳрида “Спутник Озарбайжон” ахборот агентлиги ходимларини ҳам ҳибсга олди. Шунингдек, яна бир гуруҳ Россия фуқаролари гиёҳванд моддалар савдоси ва кибержиноятларга алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинди. 

“Al Arabiya”га берган интервьюсида эса Алиев бу воқеаларни яна бир эсга олди. У мамлакати Россия билан муносабатларнинг ёмонлашуви учун масъул эмаслиги ва ҳеч қачон тажовуз ёки ҳурматсизлик белгиларига чидамаслигини таъкидлади. Интервью давомида Алиев бугун билан чекланмади ва ҳатто 1920 йилда рус армияси Озарбайжонга бостириб кириб, мамлакатни босиб олганини ҳам таъкидлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Илҳом Алиев Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг