“Биз кўз юммаймиз”. Алиев Россияни яна қоралади

Олам

image

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев мамлакати Россия билан муносабатларнинг ёмонлашуви учун масъул эмаслиги ва ҳеч қачон тажовуз ёки ҳурматсизлик белгиларига чидамаслигини таъкидлади. Бу ҳақда у “Al Arabiya” нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Алиевнинг сўзларига кўра, Иккинчи Қорабоғ урушининг охирги кунида – 2020 йил 9 ноябрда Озарбайжон тасодифан чегарага яқин ҳудудда бўлиши керак бўлмаган Россия вертолётини уриб туширган. 

“Ўша куни дарҳол Россия Президентига қўнғироқ қилиб узр сўрадим. Ҳалок бўлган учувчилар оилаларига ва Мудофаа вазирлигига дарҳол товон тўладик, тергов ўтказилди ва хатога йўл қўйганлар жавобгарликка тортилди. Россиядан эса бундай муносабатни кўрмадик”, деган Алиев. 

Унинг қайд этишича, Озарбайжоннинг бундай хатти-ҳаракати Россия томонидан ҳам ўхшаш ёндашувни кутишга асос берган, бироқ кейинги воқеалар кутилмаган бўлган. Президент Россия томони Озарбайжон ҳаво йўлларининг AZAL компаниясига қарашли йўловчи самолёти уриб туширилгач, вазият кескинлашганини айтган. 

“Улар ҳанузгача нима бўлганини очиқлашмади. Бу, албатта, икки томонлама муносабатларимиздаги жуда жиддий вазият. Биз буни истамаган эдик. Халқимизнинг ҳам ҳафсаласи пир бўлди, жаҳлимиз чиқди, хафа бўлдик. Биз тергов якунланишини кутдик, лекин бунинг ўрнига Россияда озарбайжонликларга қарши асоссиз ҳужумлар бошланди. Икки киши қийноққа солиниб ўлдирилди, кейин эса улар юрак хуружидан вафот этди, деган расмий баёнот тарқатилди”, деган Алиев. 

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, ҳатто улар 20 йил олдин жиноят содир этган бўлсалар ҳам, бундай муносабат асло оқланмайди. 

“Улар орасида Озарбайжон фуқаролари ҳам, Озарбайжон миллатига мансуб Россия фуқаролари ҳам бор эди. Бу бизнинг халқимизга қарши мислсиз ҳужум эди. Муносабатларнинг ёмонлашуви учун биз жавобгар эмасмиз. Биз конструктив ва қонуний йўл тутамиз, лекин ҳеч қачон бизга нисбатан тажовуз ёки ҳурматсизлик белгиларига кўз юмамиз, деб ўйлашмасин”, дея қўшимча қилган Озарбайжон Президенти. 

Маълумот учун, 2024 йилнинг 25 декабрь куни Баку–Грозний йўналишида учаётган Embraer-190 самолёти Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри яқинида ҳалокатга учради. Бортда 5 нафар экипаж аъзоси ва 62 йўловчи бўлган, улардан 38 киши ҳалок бўлган. Қозоғистон Транспорт вазирлигининг дастлабки ҳисоботида самолёт иккита зарбадан кейин баландликни йўқота бошлагани қайд этилган. Алиев бу воқеада ташқи таъсир бўлганини билдирган эди. 

Эслатиб ўтамиз, Россия ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар июнь охирида Екатеринбургда бир гуруҳ озарбайжонликларнинг ҳибсга олиниши ортидан кескинлашди. Улар 2001, 2010 ва 2011 йилларда содир этилган икки қотиллик ва бир суиқасдга уриниш бўйича тергов доирасида қўлга олинган. 

Шунингдек, икки гумонланувчи тергов жараёнида вафот этган. Россия Тергов қўмитаси улардан бири юрак етишмовчилигидан вафот этганини билдирган. Озарбайжон эса жасадларда зўравонлик излари борлигини билдирган ва қасддан одам ўлдириш, қийноқ қўллаш ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш моддалари билан жиноят иши қўзғатган.

Баку шаҳрида “Спутник Озарбайжон” ахборот агентлиги ходимлари ҳам ҳибсга олинди. Уларнинг бир қисми кейинроқ қўйиб юборилди, бироқ ижрочи директор Игорь Картавих ва бош муҳаррир Евгений Белоусов фирибгарлик, ноқонуний тадбиркорлик ва пул ювишда айбланиб, қамоққа олинган. Агентлик фаолияти тўхтатилган. Шунингдек, яна бир гуруҳ Россия фуқаролари гиёҳванд моддалар савдоси ва кибержиноятларга алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинган. Дастлаб уларга Россия вакиллари билан учрашувга рухсат берилмаган, кейинчалик Баку бунга ижозат берган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Озарбайжон Илҳом Алиев Embraer-190

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг