Илҳом Алиев рус армияси Озарбайжонни босиб олган вақтни эсга олди (видео)
Олам
−
27 Август 2025 8417 2 дақиқа
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев 1920 йилда рус армияси Озарбайжонга бостириб кириб, мамлакатни босиб олганини айтди. Бу ҳақда у “Al-Arabiya” телеканалига берган интервьюсида сўз очди.
“1917 йилги инқилобни амалга оширган большевиклар халқни алдади. Уларнинг шиорлари “ишчилар учун завод ва фабрикалар, деҳқонлар учун ер, халқлар учун эркинлик” каби янгради. Биз ўз давлатимизни яратдик, лекин большевиклар уни тортиб олди”, дея таъкидлади Алиев.
У Россия империяси парчаланганидан кейин Озарбайжон Демократик Республикаси тузилганини, бироқ унинг мавжудлиги қисқа давом этганини таъкидлади.
Алиев Озарбайжон тарихини ёдга олиб, Арманистоннинг Сюник вилояти орқали Озарбайжоннинг ғарбий ҳудудларини ўзининг эксклави (Нахчиван Мухтор Республикаси) билан боғлайдиган транспорт йўналиши бўлган Зангезур йўлагини яратиш зарурлигини изоҳлади.
“1920 йилнинг апрелида рус армияси Озарбайжонга бостириб кириб, уни босиб олди. Ўша йилнинг ноябрида, бор-йўғи бир неча ой ўтгач, Совет ҳукумати биз Ғарбий Зангезур деб атайдиган Зангезурни Озарбайжондан олиб, Арманистонга беришга қарор қилди. Шу тариқа Озарбайжон иккига бўлинди – асосий қисм ва Нахчиван ҳамда улар орасида ғарбий Зангезур бор эди”, дейди Алиев.
Суҳбатнинг муҳим қисми Арманистон билан можарога бағишланди. Алиев АҚШ воситачилигида имзоланган декларацияни эслатиб ўтди, унга кўра, Баку ва Ереван урушдан воз кечишга ваъда берган. Ҳужжат, шунингдек, 99 йил муддатга Вашингтоннинг Зангезур йўлаги устидан назоратини таъминлади.
Алиев Россия билан муносабатларнинг ёмонлашувига алоҳида тўхталди. У Озарбайжон Россия билан муносабатларнинг ёмонлашуви учун масъул эмаслиги ва ҳеч қачон тажовуз ёки ҳурматсизлик белгиларига чидамаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Иккинчи Қорабоғ урушининг охирги кунида – 2020 йил 9 ноябрда Озарбайжон тасодифан чегарага яқин ҳудудда бўлиши керак бўлмаган Россия вертолётини уриб туширган.
“Биз конструктив ва қонуний жавоб берамиз, бироқ ўзимизга нисбатан ҳар қандай тажовуз ёки ҳурматсизлик кўринишларига ҳеч қачон тоқат қилмаймиз”, деди у.
Озарбайжонлик ака-ука Сафаровларнинг июнь ойи охирида Екатеринбургда 2000 йилларда содир этилган жиноятларда гумон қилиниб, ҳибсга олиниши пайтида ўлдирилишини Алиев совуққонлик сабабларидан бири, деб атади. Алиев воқеага илк бор изоҳ берди ва буни озарбайжонликларга нисбатан “мисли кўрилмаган ҳаракат” деб баҳолади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Арманистон билан тинчлик шартномаси қачон имзоланишини айтганди. Унинг сўзларига кўра, Арманистон Конституциясида ҳанузгача Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини шубҳа остига қўядиган банд мавжуд.
Live
Барчаси