Битта оилани эплoлмаган “қаҳрамонлар” ва беҳужжат аёллар кўпайиб кетди – Алишер Қодиров
Жамият
−
06 Сентябрь 2023
26525Кеча, 5 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилиб, қабул қилинди. Бироқ амалдаги қонунга киритилаётган қўшимчалар кенг жамоатчиликнинг муҳокамаларига сабаб бўлди, шу боис депутат Алишер Қодиров бу борада ўз фикрларини билдириб ўтди.
Айтиш жоиз, таклиф этилаётган қонун лойиҳасида икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилганлик, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини очиқдан-очиқ инкор этганлик ҳамда жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсган ҳолда бўлганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш назарда тутилган.
Депутатга кўра, мазкур чекловлар билан жамиятнинг қадрли мезонларини ҳимоя қилиш мақсад қилинган.
“Оила, аёл, аврат, никоҳ, фарзанд… ҳаммамиз учун, жуда қадрли мезонлар! Бугунги аҳволимизга қаранг! Ким қадрли мезонларимизни хавф факторларига айлантириб юборяпти!? Масалан, динимизда аёл кишининг юзи аврат эмас, лекин эътиқодни ниқоб қилиб, юзини тамоман ёпиб олган “мақсади номаълум”, бурқа кийиб олган эркаклар қўлга тушди, улар кимлар ва мақсадлари нима? Авратни ёпиб юриш шарт, лекин юзингни очиб юр, Яратган юзни аврат қилмадику? Жамият, қолаверса яқинларимизни хавфсизлиги учун бунга эътибор бермаслик мумкинми?” дейди Алишер Қодиров.
Депутат шунингдек, қонунчиликка киритилаётган қўшимчалар билан никоҳ тақиқланмагани, уни мустаҳкамлаш учун тартибга солиш, никоҳ ўқитиб олиб, учта-тўртталаб фарзандни кўчага ташлаб кетаётган эркакларга нисбатан чора кўриш мақсад қилинганини таъкидлаган.
“Давлатга кўринмайдиган, қонунга асосан ёрдам бериш мумкин бўлмаган беҳужжат аёллар, болалар кескин ортиб кетди, бу кетишда нима бўлади?! Никоҳ, оила, фарзанд шунчалар беқадр бўлдими? Никоҳ тақиқланмади, уни мустаҳкамлаш учун тартибга солинаяпти: аввал рўйхатдан ўт, давлат ҳар бир фуқарони ҳисобини билиши керак!” дейди у.
Алишер Қодиров алимент тўлашдан бўйин товлаб, қонуний бурчини бажаришдан қочиб юрган эркаклар ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтган.
“Реклама биринчи бўлиб қорни очга таъсир қилганидек, битта оилани эплаш қўлидан келмаган қаҳрамонлар, динимизда белгиланган аниқ ва жуда оғир шартлар ва мажбуриятларга қарамай, бир калла қанд билан никоҳ ўқитиб олиб, ғўддайиб алиментдан қочиб юришибди. Бу никоҳга иснод, аёлни хўрлаш эмасми!? Фаросат ва диний билими борлар тушунадиган чекловни тақиқ деб бақираётганлар айнан шу ғўдайганлар бўлиб чиқса ҳайрон бўлмайман”, дейди депутат.
Шу билан бирга, у нега камситишларга жазо кучайиши керак? деган саволга ҳам жавоб бериб ўтган.
“Эътиқод сабабли камситиш каби совет касалидан қутуляпмиз, лекин миллий, этник, кўпчилик-озчилик ниқобини кийиб олиб, қолганларни камситиш, оғзига уриш, провокация қилиш, йўқ жойда низо, адоват қўзғатишнинг мақсад-оқибатлари ҳақида соатлаб ёзиш мумкин. Бунга йўл қўймаслик учун ҳуқуқий асос яратилмоқда. Осон бўладими ҳуқуқий баҳо? Албатта йўқ, лекин қараб турмоқчи эмасмиз. Амалиёт хато кўрсатса, тузатилади, таҳлиллар тўхтатилмайди”, дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
LiveБарчаси