Бишкекка ҳарбий колонна келди (видео)
Олам
−
09 Октябрь 2020
23453Қирғизистон пойтахти Бишкекка Тўқмоқдан БТР колоннаси ва бошқа ҳарбий техникалар келди. Бу ҳақда гувоҳлар маълум қилди.
“24.kg” нашри эълон қилган видеода ҳарбий колонна Тўқмоқда жойлашган қуруқликдаги қўшинларнинг “Чаён” махсус ҳарбий базасидан Бишкекка томон кетаётганини кўриш мумкин.
Шунингдек, айни шу колонна Тўқмоқ яқинидаги “Гавайи” кафеси олдидан Бишкекка томон кетаётгани акс этган видео ҳам эълон қилинган.
Маълумот учун, Қирғизистон Президенти Бишкекда фавқулодда ҳолат эълон қилиб, пойтахтга ҳарбийларни киритишга кўрсатма берди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Сайловнинг дастлабки натижасидан норози партиялар тарафдорлари Бишкекда норозилик намойишини бошлади. Кейинроқ намойиш тартибсизликка айланиб кетди.
Намойишчилар аввало мамлакат парламенти биноси – Оқ уйни эгаллади. Бу бинода Президент Администрацияси ҳам жойлашган. 6 октябрь эрталаб Ҳукумат биноси ҳам намойишчилар қўлига ўтгани маълум бўлди.
Бундан ташқари, акция иштирокчилари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига бостириб кириб, у ерда сақланаётган собиқ Президент Алмазбек Атамбоевни озод қилди. Шунингдек, сиёсий маҳбуслардан собиқ Бош вазир Сапар Исаков ҳам қамоқдан чиқарилди. Озод қилинганлар орасида Бишкек шаҳрининг собиқ мэри Албек Ибраимов ҳам бор.
Президент Сооронбай Жээнбеков юз бераётган тартибсизликлар бўйича баёнот бериб, баъзи сиёсий кучлар давлат ҳокимиятини ноқонуний равишда эгаллаб олишга уринганини айтиб ўтди.
Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди.
Ҳозиргача Жўқорғу Кенеш спикери Дастан Жумабеков ва мамлакат Бош вазири Кубатбек Боронов истеъфога чиқди. Уларнинг ўрнига мухолифат вакиллари тайинланди.
Ўзбекистон қўшни Қирғизистонда юз бераётган воқеаларга муносабат билдириб, жиддий ташвишда эканини билдирди.
LiveБарчаси