Бишкек 2025 йилда туркий дунёнинг рақамли пойтахти бўлади
Олам
−
07 Ноябрь
1982Қирғизистон пойтахти Бишкекка 2025 йилда туркий дунёнинг рақамли пойтахти мақомини берилади. Бу ҳақда мамлакат Президенти Садир Жапаров кеча, 6 ноябрь куни Туркий давлатлар ташкилотининг 11-саммитида сўз очди.
“Бишкекка 2025 йилда туркий дунёнинг рақамли пойтахти мақомини бериш ташаббусини қўллаб-қувватлаганингиз учун миннатдорлик билдираман”, деди Жапаров.
Жапаровга кўра, Қирғиз Республикасининг ТДТга раислиги “Туркий дунёни мустаҳкамлаш: иқтисодий интеграция, барқарор ривожланиш, рақамли келажак ва барчанинг хавфсизлиги” шиори остида ўтади. Шунингдек, мамлакат раислик даврида жорий саммитда қабул қилинган қарорларни самарали жорий қилиш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширади.
“Аввало, бизнинг раислигимиз Ташкилотнинг “Туркий дунё нигоҳи – 2040” дастури, “2022-2026 йилларга мўлжалланган Туркий давлатлар ташкилоти стратегияси” ва бошқа стратегик ҳужжатларга эътибор қаратади”, деди Қирғизистон етакчиси.
Билдирилишича, сўнгги йилларда Қирғизистоннинг ТДТ давлатлари билан товар айланмаси деярли 62 фоизга ошган. Бундан ташқари, Жапаров савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида капитал қўйилмаларини ошириш ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва хизматлар бозорларини алмашишга йўналтирилган ҳужжат ишлаб чиқиш учун чора-тадбирлар кўришни таклиф қилди.
Шунингдек, хизматлар, молия, умумий меҳнат бозорлари яратиш ва уларни қўллаб-қувватлаш, рақамли ва электрон тижорат, интеллектуал мулк, қишлоқ хўжалиги, технологиялар, инновациялар, туризм ва таълим йўналишларида ҳукуматлараро келишувлар бўйича музокаралар бошлаш ташаббуслари илгари сурилади.
“Ушбу контекстда туркий давлатлар ўртасида рақамли савдони рағбатлантирувчи “Рақамли иқтисодиёт соҳасида шериклик тўғрисида”ги келишувни имзолашни тўлиқ қўллаб-қувватлайман”, деди Қирғизистон раҳбари.
Қайд этилишича, Қирғиз Республикаси ТДТ доирасида рақамли интеграция жараёнини тезлаштиришга интилади. Хусусан, мамлакат ягона рақамли макон яратиш соҳасида электрон тижорат, транспорт ва логистика жараёнларини соддалаштириш ҳамда рақамли стандартлар ва сертификатларни ўзаро тан олишга қизиқиш билдирмоқда.
Жапаровга кўра, Қирғизистон электрон имзоларни ўзаро тан олиш механизмларини яратишга қаратилган ҳужжатларни биргаликда ишлаб чиқишни режалаштирмоқда. Шунингдек, мамлакат раислиги даврида давлат хизматлари ва сунъий интеллект соҳасида рақамли технологиялар бўйича қўшма тадқиқотларга кўмак берилади.
“Шу муносабат билан Бишкекда сунъий интеллект бўйича Туркий давлатлар форуми муваффақиятли ўтказилганини таъкидламоқчиман. Форум бизнинг давлатларимизда сунъий интеллектни ривожлантириш стратегияларини муҳокама қилиш ва технологик тараққиётни рағбатлантириш учун ноёб платформа бўлди”, деди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ушбу саммит доирасида ТДТнинг ҳозирги бюджети олдинга қўйилган мақсадларни амалга ошириш учун етарли эмаслигини билдиргани хабар қилинган эди.