ТДТнинг янги байроғи қабул қилинди
Олам
−
06 Ноябрь
8717Бишкекдаги Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарларининг 11-саммитида ташкилотнинг янги байроғи қабул қилинди. Бу ҳақда Қирғиситон Президенти матбуот хизмати хабар берди.
Байроқда кўк фонда саккиз қиррали юлдуз, ярим ой ва марказда тўғри нурлари бўлган қуёш тасвирланган.
Маълум қилинишича, мовий фон мусаффо осмон, тинчлик ва фаровонлик рамзи. Монохром фон туркий халқларнинг бирлигини ифодалайди. Тарихан мовий ранг туркий маданият ва анъаналар билан боғлиқ бўлиб, бу унинг маданий аҳамиятини янада оширади.
Саккиз қиррали юлдуз Салжуқийлар юлдузи ёки Ўғузлар юлдузи номи билан танилган, туркий ва ислом маданиятидан келиб чиққан. Бу рамз Салжуқийлар ва Усмонийлар империяларида тангалар, меъморчилик ва безак элементларида тез-тез учрайди ҳамда меҳр-шафқат, садоқат, ҳалоллик, сабр-тоқат, сахийлик каби асосий фазилатларни ифодалайди, шунингдек, уйғунлик ва мукаммаллик тимсоли ҳисобланади. Саккиз қиррали юлдуз баъзи замонавий туркий давлатларнинг байроқларида ҳам акс эттирилган бўлиб, бирлик ва умумий қадриятларни ифодалаш учун қўлланилади.
Қуёш ўзининг қирқта тўғри нурлари билан бир текисда тарқалиб, ёруғлик, очиқлик ва ҳаётийликни англатади. Нурлар туркий дунёнинг йўлини ёритиб, уни янада порлоқ ва фаровон келажак сари етакловчи умумий қадриятлар ва умумий қарашни ифодалайди.
Бутун туркий дунёга машҳур тимсол бўлган ярим ой ва юлдуз туркий давлатчилик, юксалиш, келажакка интилиш ва тараққиёт рамзидир. Бу элементлар туркий давлатларнинг бой умумий тарихига асосланган ташкилотнинг динамик ва истиқболли руҳини акс эттиради.
Мазкур байроқ Туркий давлатлар ташкилоти миссиясининг асосини ташкил этувчи туркий ўзлик, бирлик, муштарак мерос ва ҳар томонлама ҳамкорликнинг асосий белгиларини ўзида мужассам этиши билдирилган.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 6 ноябрь куни Бишкек шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар Давлат раҳбарлари кенгашининг 11-йиғилиши якунлари бўйича бир қатор қарорлар қабул қилинган ва кўп томонлама ҳужжатлар имзоланганди.
Муҳаммад Ҳодиев