Бишкекдаги ТДТ саммити: “Ҳадя базм”, ягона алифбога чақириқ ва заиф бюджет
Таҳлил
−
08 Ноябрь
5624Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида 6 ноябрь куни Туркий давлатлар ташкилотининг 11-саммити бўлиб ўтди. Саммитда ташкилотга аъзо беш давлат – Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон раҳбарлари, шунингдек, ташкилотдаги кузатувчи мамлакат – Венгрия Бош вазири иштирок этди. Бу сафарги йиғинда туркий давлатлар ўртасидаги интеграцион жараёндаги энг суст давлат ҳисобланадиган Туркманистон томонидан юқори даражали раҳбарлар – мамлакат президенти Сердар Бердимуҳаммедов ёки отаси Гурбангули Бердимуҳаммедов кўриниш бермади. Аммо эътиборга молик жиҳат шуки, мазкур саммитда дунё давлатлари орасида фақатгина Туркия томонидан тан олинган Шимолий Кипр Турк Республикаси президенти Эрсин Татар ҳам қатнашди. Ташкилотнинг жорий 2024 йилда Озарбайжонда ўтказилган норасмий саммитида қатнашган, аммо ундан олдин Қозоғистон мезбонлигидаги саммитда кўринмаган Эрсин Татар Қирғизистонда ўтказилган навбатдаги йиғинда ташкилотга аъзо давлат раҳбарлари сафига қайтди. Шундай қилиб, келди-кетди жараёнлари билан қўшиб ҳисоблаганда 5-6 ноябрь кунларида бўлиб ўтган мазкур йирик сиёсий тадбир меҳмонларни орден билан сийлашдан тортиб, бир давлат бошқа давлатнинг миллионлаб доллар қарзларидан воз кечиши, ташкилот бюджетининг яроқсизлигини очиқлаш ва ягона алифбога ўтишга жиддий чақириқлар билан эсда қолди.
Туркиядан жиддий қўллов ва “Туҳфалар серияси”
Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган ТДТнинг 11-саммитига энг биринчи бўлиб ташкилотга аъзо давлатларнинг энг йириги – Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған қадам ранжида қилди. Олий даражадаги меҳмонни “Манас” халқаро аэропортида шахсан Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг ўзи кутиб олди. Шундан сўнг икки давлат раҳбарлари ўртасида бир-бирини сийлаш жараёни бошланиб кетди. Жапаров 5 ноябрь куни Эрдўғанга мамлакатнинг биринчи даражали мукофоти “Манас” орденини топширди. Орден Бишкекдаги Президент администрациясининг янги биносида раҳбарлар йиғилиши пайтида тантанали равишда тақдим қилинди. “Манас” ордени эса Қирғизистоннинг энг юқори мукофоти бўлиб, бу кишиларга мамлакат ва демократик жамиятни, халқ бирлигини ҳимоя қилиш ва мустаҳкамлаш, давлатнинг иқтисодий, интеллектуал ва маънавий салоҳиятини оширишга қўшган улкан ҳиссаси учун топширилади. Демак, Жапаров наздида Эрдўған шундай сийловга муносиб кўрилган. Албатта, ўз бошқаруви остидаги давлатнинг миллионлаб доллар қарзларидан воз кечган қардош раҳбарга давлат олий орденидан бўлак совға ярашмасди ҳам. Гап шундаки, Туркия Президенти 5 ноябрь куни Бишкекда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров билан бўлиб ўтган икки томонлама музокаралар пайтида Қирғизистоннинг расмий Анқара олдидаги 58,9 миллион долларлик ташқи қарзидан воз кечди. Эрдўғаннинг бунча суммага кўз юмиши эса расмий Бишкекнинг яшил иқтисодиёт лойиҳалари йўлидаги саъй-ҳаракатлари билан изоҳланди. Бундан ташқари, Жапаровга Туркия етакчиси томонидан аллақачон ўзига хос дипломатик инструментга айлантирилган ва аввалроқ Мирзиёев, Тўқаев ҳамда Саудия валиаҳдига ҳам совға қилинган Togg русумли автомобиль топширилди. Аммо шу куни совға-салом алмашинуви автомобиль билан якунланиб қолмади. Қирғизистон Президенти Эрдўған ҳадя қилган автомобилни миниб кўргач, Туркия раҳбарига тулпор совға қилди, ва ниҳоят, улар ўртасидаги туҳфалар алмашинуви шу билан якунланди.
Яна орденлар, энг сўнгида келган Тўқаев
6 ноябрь кунига белгиланган асосий тадбирда қатнашиш учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қаторида бошқа аъзо давлат раҳбарлари ҳам Қирғизистонга 5 ноябрь куни етиб келди. Фақатгина Франциядаги ташриф билан боғлиқ тиғиз кун тартиби туфайли Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бундан мустасно. У 6 ноябрга ўтар кечаси тун ярмида Францияни тарк этиб, куннинг биринчи қисмида Қирғизистонда ҳозир бўлди. Эрдўғандан ташқари барча олий мартабали меҳмонларни Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раиси Оқилбек Жапаров ва бошқа расмийлар кутиб олди. Эрдўғанни совғага кўмиш билан бошланган сиёсий тадбир кейинги соатларда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбан билан давом этди. Бишкекда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев таниқли қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов номидаги орден билан тақдирланди. Бу орденни Озарбайжон етакчисига қирғиз ёзувчисининг ўғли – рассом Элдар Айтматов топширган. “Чингиз Айтматов” ордени адабиёт, кинематография ва бошқа санъат соҳаларида, шунингдек, уларни халқаро миқёсда ривожлантириш ва тарғиб қилишда катта ютуқларга эришган Қирғизистон фуқароларига топширилади. Махсус хизматлар учун бу орден хорижий фуқароларга ҳам берилиши мумкин. Алиев эса шу куни шундай фуқаролар сафида жой олди. 6 ноябрь куни тақдирланиш навбати Венгрия Бош вазири Виктор Орбанга етиб келди. Жапаров унга Туркий дунёнинг олий орденини топширди. Қайд этилишича, мукофот Виктор Орбанга аъзо давлатлар ва Туркий давлатлар ташкилоти кузатувчилари ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш, шунингдек, ташкилотнинг халқаро майдондаги нуфузини оширишдаги алоҳида хизматлари учун топширилган. Тақдимот маросимида Садир Жапаров Венгрия Туркий давлатлар ташкилотида алоҳида ўрин тутишини таъкидлаб, Виктор Орбан раҳнамолигида Венгриянинг Европа Иттифоқи ва туркий давлатлар ўртасидаги муносабатлардаги ўрни барқарор ўсиб бораётгани ва аҳамияти тобора ортиб бораётганини ҳам қўшимча қилди.
“Мамлакатларимиз ўртасида барча даражадаги муҳим сиёсий мулоқот йўлга қўйилган, турли соҳаларда самарали ҳамкорлик, Европа Иттифоқи ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида шериклик алоқалари изчил давом эттирилмоқда. Венгриялик биродарларимиз билан ҳамкорлигимиз узоқ муддатли, самарали ва амалий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган. Будапештда ташкилотнинг Европа ваколатхонасининг очилиши, венгриялик ҳамкасбларимизнинг туркий интеграцияга интилиши ва жаноб Виктор Орбаннинг шахсий ҳиссаси туфайли амалга ошди”, деди Жапаров.
Жапаров, бугунги кунда Венгриядаги ТДТ ваколатхонаси фаолияти туркий ва Европа давлатлари ўртасидаги сиёсий мулоқотни ривожлантиришнинг муҳим механизми ва кўпригига айланганини таъкидлади.
Ниҳоят асосий масалалар: якунланмаган ягона ёзув лойиҳаси, жуда кичик бюджет
Ниҳоят, 6 ноябрь куни Бишкекда Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг 11-йиғилиши бошланди. Қўл бериб кўришиш ва қўшма суратга тушиш маросими якунида давлат раҳбарлари Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг 11-йиғилишини ўтказиш учун мажлислар залига йўл олди. Тадбир Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров раислигида ўтди. Аъзо давлат раҳбарлари томонидан турли лойиҳа ва таклифлар бирин-кетин илгари сурилди. Тўқаев Туркий дунё учун ягона ахборот маконини яратиш мақсадида кабель телеканалларини ўзаро эфирга узатишни таклиф қилган бўлса, Эрдўған қардош мамлакатларни ягона алифбога тезроқ ўтишга ундади. Аммо Озарбайжон Президенти Алиев ташкилотнинг бюджети унга аъзолар томонидан кўзланган мақсадларни амалга ошириш учун етарли эмаслигидан ҳафсаласи пир эканини яширмади. Туркий давлатлар ташкилотининг ҳозирги бюджети олдинга қўйилган мақсадларни амалга ошириш учун етарли эмаслигидан нолиган Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев расмий Баку ТДТ котибиятига 2 миллион доллар ва Оқсоқоллар кенгашига 100 минг АҚШ доллари миқдорида молиявий ёрдам ажратгани ва бу ташкилот салоҳиятини янада кучайтиришга хизмат қилишини таъкидлаб, баъзи нарсаларга шама қилгандек кўринди. Алиев ўз нутқида Қорабоғ масаласига ҳам тўхталиб, ҳудуд озод қилингач, бу ерда қад ростлаган қатор фуқаролик объектлари қурилишида иштирок этган давлатларга миннатдорлик билдирди.
“Фурсатдан фойдаланиб, озод қилинган ҳудудларда биродарлик совғаси сифатида мактаб ва ижод маркази учун Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Венгрия давлат раҳбарлари ва ҳукуматларига яна бир бор миннатдорлик билдирмоқчиман. Шунингдек, қурилиши режалаштирилаётган мактаблар учун ҳам раҳмат”, деди Озарбайжон етакчиси.
Ташкилотда амбиция ва потенциал борасида қолган аъзолардан кескин фарқ қилувчи Туркия Президенти Эрдўған ташкилот янги форматда ўтказила бошлаган кундан буён бу ерда икки асосий мақсад ва вазифада юрибди. Бири ўзидан ўзга бирор давлат тан олмаган Шимолий Кипр Турк республикасини ташкилотга қўшиш бўлса, иккинчиси аъзо давлатлар орасида ягона алифбо жорий қилишга эришишдир. Ёзув масаласи тушунарли, аммо ШКТР борасидаги амбициялар энди куртак ёзаётган интеграция учун йўқ жойдан муаммо бўлиб қолиш эҳтимоли йўқ эмас. Эрдўған шарқий дунёдаги интеграцион лойиҳалар доирасида доим ўз ортидан судраб юрадиган ШКТР президенти Эрсин Татар бу гал ҳам унинг ортидан қолмади. У Қирғизистондаги саммитда қатнашди. Саммитда мезбон сифатида модераторлик қилган ҳолда йиғилган барча давлат раҳбарларига ўз мақоми билан мурожаат қилган Жапаров ШКТР президентига келганда, шунчаки ўз исми билан сўз берди. Алифбо масаласига қайтадиган бўлсак, туркий давлатларнинг умумий алифбоси ва унинг нақадар муҳимлиги ҳақида сўз юритган Эрдўған бу борадаги саъй-ҳаракатлар ва ишларни биргаликда кучайтириш кераклигини таъкидлади.
“Барча қийинчиликларни енгиб, ўзаро муаммоларни бартараф этиш орқали биз туркий дунёнинг тарихий уруғини биргаликда экишимиз мумкин. Мен бунга ишонаман”, деди Эрдўған ҳамкасбларига.
Унинг сўзларига кўра, бунгача оқсоқоллар Кенгаши 34 ҳарфдан иборат туркий алифбони ишлаб чиққан. Туркия, Озарбайжон ва ШКТР ягона турк алифбосига ўтишга тайёр. Улар эндиликда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистоннинг қарорларини кутмоқда.
“Агар биз Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ҳамкорлик қилсак, ўзгариш зарур деб ҳисоблайман. Туркия, Озарбайжон, Шимолий Кипр ягона турк алифбосига ўтишга тайёр. Биз Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Туркманистон қарорларини кутмоқдамиз”, деди Туркия Президенти.
Мирзиёевнинг жиддий мурожаати ва якун
Бишкекда ўтган Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида сўз олган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Исроилнинг Фаластин ерларида тинч аҳолига нисбатан қилаётган зўравонликларини қоралади. Шунингдек, Мирзиёев мазкур кўп йиллик низонинг ягона ечими – халқаро меъёрий ҳужжатлар ва резолюцияларга мувофиқ, 1967 йилдаги чегаралар асосида, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлатини тузиш эканини қатъий таъкидлади.
“Бу ўринда гап, энг аввало, Яқин Шарқда давом этаётган адолатсиз уруш ва кузатилаётган икки ёқлама стандартлар ҳақида бормоқда. Ғазо сектори ва Ливандаги мисли кўрилмаган гуманитар фожиани, тинч аҳолига қарши вайронкор ҳужумларни, айниқса, бегуноҳ болалар, кексалар ва аёллар қурбон бўлаётганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластиндаги қочқинларга ёрдам бериш бўйича махсус агентлик фаолиятини чеклашга қаратилган ҳаракатларини ҳам кескин қоралаймиз”, деди Мирзиёев.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Президенти йиғилганларнинг эътиборини яна Афғонистон масаласига қаратди. Мирзиёевнинг фикрича, Афғонистондаги ўткир муаммоларни ҳал этишда амалдаги ҳукуматга ёрдам кўрсатиш, бу давлатни минтақавий иқтисодий жараёнларга кенг жалб этиш каби масалалар, албатта, кўриб чиқилиши лозим.
“Хавфсизлик ҳақида тўхталганда, Афғонистон масаласи ташкилотимиз доирасида доимо диққатимиз марказида бўлиши лозим. Бу борада вазирлар ва экспертлар даражасидаги мунтазам мулоқот механизмини йўлга қўйиш муҳимдир”, деди президент.
Шундай қилиб, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров раислигида ўтган тадбирда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан ва Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Кубанчбек Омуралиев ва ШКТР президенти Эрсин Татар ҳам қатнашди. Туркманистондан эса саммитда мамлакатнинг Қирғизистондаги элчиси иштирок этди. Давлат раҳбарлари кенгашининг 11-йиғилиши якунлари бўйича 8 та қарор ва саммит доирасида яна 6 та ҳужжат ҳам қабул қилинди. 8 та қарор ичидан энг кўп эътибор тортадигани бу шубҳасиз ташкилотнинг янги байроғи қабул қилинганлиги бўлди. Байроқда кўк фонда саккиз қиррали юлдуз, ярим ой ва марказда тўғри нурлари бўлган қуёш тасвирланган. Байроқдаги мовий фон мусаффо осмон, тинчлик ва фаровонлик рамзи. Бу фон туркий халқларнинг бирлигини ифодалайди. Тарихан мовий ранг туркий маданият ва анъаналар билан боғлиқ бўлиб, бу унинг маданий аҳамиятини янада оширади.
Саккиз қиррали юлдуз эса Салжуқийлар ёки Ўғузлар юлдузи номи билан танилган, туркий ва ислом маданиятидан келиб чиққан. Бу рамз Салжуқийлар ва Усмонийлар империяларида тангалар, меъморчилик ва безак элементларида тез-тез учрайди ҳамда меҳр-шафқат, садоқат, ҳалоллик, сабр-тоқат, сахийлик каби асосий фазилатларни ўзида акс эттиради. Саккиз қиррали юлдуз баъзи замонавий туркий давлатларнинг байроқларида ҳам акс эттирилган бўлиб, бирлик ва умумий қадриятларни ифодалаш учун қўлланилади. Қуёш ўзининг қирқта тўғри нурлари билан бир текисда тарқалиб, ёруғлик, очиқлик ва ҳаётийликни англатади. Нурлар туркий дунёнинг йўлини ёритиб, уни янада порлоқ ва фаровон келажак сари етакловчи умумий қадриятлар ва умумий қарашни ифодалайди. Бутун туркий дунёга машҳур тимсол бўлган ярим ой ва юлдуз туркий давлатчилик, юксалиш, келажакка интилиш ва тараққиёт рамзидир. Бу элементлар туркий давлатларнинг бой умумий тарихига асосланган ташкилотнинг динамик ва истиқболли руҳини акс эттиради.
Шу тариқа интеграция учун қатор лойиҳалар, таклиф ва саъй-ҳаракатлар, мана энди қўшимчасига байроқ ва унда мавжуд бир қанча рамзий маънолар ҳам бор. Буёғига эса уларни реализация қилиш ва байроқдаги рамзий маъноларни ҳаётда акс эттириш қолди холос. Борган сари қутблашаётган дунёда буни амалга ошириш ва интеграцияни жадаллаштириш учун пухта ўйланган режа, кучли сиёсий ирода ва хоҳиш бўлса бас.
LiveБарчаси