Биржада АI-80 бензини сотуви тўхтатилди

Жамият

image

“Ўзбекнефтгаз” АЖ бугун, 2 сентябрдан бошлаб АI-80 бензинини биржа савдолари орқали сотишни тўхтатди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, давлат раҳбарининг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони ижросига мувофиқ, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан босқичма-босқич юқори октанли (АI-92) автобензин ишлаб чиқаришга ўтиш ва сентябрь ойидан бошлаб биржа савдоларига фақат юқори октанли автобензин жойлаштирилиши режалаштирилган. Шу боис, “Ўзбекнефтгаз” АЖ бугун, 2 сентябрдан бошлаб АI-80 бензинини биржа савдолари орқали сотишни тўхтатган.

Ўз навбатида АI-92 русумидаги автобензинни биржа савдоларига чиқариш ҳажми оширилган. Шу вақтга қадар 1000 тонна АI-92 бензини савдоларга қўйилган бўлса, бугунги кунда бу рақам 1720 тоннани ташкил этмоқда. Ички бозор талабидан келиб чиқиб, бу ҳажмларни ошириш имконияти мавжуд. 

“Август ойида тадбиркор истеъмолчилар томонидан харид қилинган АI-80 русумидаги автобензин ҳажмлари мажбурият ва мавжуд қолдиқлар доирасида сентябрь ойида ҳам ўз эгаларига етказиб берилиши маълум қилинади”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Президентининг жорий йил 30 январдаги “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони билан жорий йил якунига қадар аҳолини сифатли, экологик тоза ва арзон ёқилғи билан таъминлаган ҳолда АI-80 маркали автомобиль ёқилғисидан фойдаланиш ва сотиш чекланиши хабар қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

биржа АI-80 бензин АI-92

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг