Биринчи Президентнинг набирасига суиқасд қилинди
Олам
−
23 Январь 2020
103798Бугун, 22 январь куни Қозоғистон Республикасининг биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг набираси Ойсултон Назарбоевнинг Facebook’даги саҳифасида ғалати постлар пайдо бўла бошлади. Уларда уни ўлдирмоқчи бўлишаётгани ёзилган.
Кичик Назарбоевнинг ёзишича, у айни вақтда Лондондаги шифохоналардан бирида қолмоқда. У бунгача қамоқда ўтириб чиққан ва оила аъзолари билан ўзаро келишмовчиликлар мавжуд. Бунга тўхталаркан, “ўйлашимча, бобом сизга барча нарсани айтиб бера олади!”, деб ёзади у.
“Тез орада улар мени ёки ўлдиришади, ёки жинни деб исбот қилиб беришади ва ёки отам каби мени қамоқда осишади!”, дейди Ойсултон.
Собиқ Президентнинг набираси Буюк Британия қироличаси Елизавета II’дан Нурсултон Назарбоевга қўнғироқ қилишини ва вазиятга “қўрққанлиги учун” аралашмаганини айтишини сўраган. Шунингдек, у барчани “Худодан узоқ мамлакатда яшашни хоҳлаймизми”, деган савол атрофида мушоҳада қилишга чақирган.
Ойсултон Назарбоев ўтган йил ўртарида матбуот эътиборига тушган эди. Эрка набира 2019 йилнинг июль ойида Лондонда ўз жонига қасд қилмоқчи бўлади. Унинг ўз жонига қасд қилаётганини пайқаган ва олдини олмоқчи бўлган полиция ходимини кичик Назарбоев тишлаб олади ва жароҳат етказади. Шундан сўнг, унга бир йил шартли равишда ҳукм ўқилди. У 140 соатлик жамоат ишларига жалб этилди, бир неча минг фунт стерлинг миқдорида жаримага тортилди, шунингдек, гиёҳвандликдан даволаниши учун нарколог билан камида 20 та машғулотда қатнашишга йўналтирилди.
Ойсултоннинг онаси – Назарбоевнинг тўнғич қизи, айни вақтда мамлакат Парламенти раиси Дариға Назарбоева. У аллақачон турмуш ўртоғи Роҳат Алиев билан ажрашган. Аслида барча воқеаларнинг дебочаси шу. Улар 2008 йилда ажрашишган. Куёв бўлмиш Алиев 2015 йилда Aвстрия қамоқхонасида ўлик ҳолда топилган. Ўшанда у “Нурбанк”нинг икки нафар топ-менежерини ўлдирганликда айбланган. Қозоғистонда унга ҳокимиятни эгаллаб олишга зимдан тайёргарлик кўриш, жиноий гуруҳга раҳбарлик қилиш каби айбловлар қўйилган ва сиртдан 40 йил озодликдан маҳрум қилинган. Қозоғистон Австрияга унинг экстрадицияси ҳақида икки марта сўров юборган, аммо рад жавобини олган эди.
Собиқ совет мамлакатларининг Биринчи Президентлари оила аъзолари, набиралари орасида тилга тушган иккинчи шахс Ойсултон Назарбоев бўлди. Бундан аввал Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг ўғли Ислом Каримов BBC ва бошқа кўплаб оммавий ахборот воситаларига интервью берган, ижтимоий тармоқлар орқали оила сирларини ташқарига олиб чиққан, опа-сингиллар Гулнора ва Лола муносабатларини таҳлил қилган ва улар орасидан оламушук ўтишида бобосини айблаган эди.
LiveБарчаси