Бир ёшгача бўлган болаларга қандай қўшимча овқатлар бериш мумкин?
Саломатлик
−
01 Октябрь
4767Одатда болалар бир ёшга тўлгандан кейин аста-секинлик билан қозонда пишган овқатларни тановул қилишни бошлайди. Чунки айнан шу пайтда бола ошқозони ривожланиб, озиқ-овқатларни ҳазм қилишга ўрганади. Аммо чақалоқ олти ойга тўлгач, унинг тезлик билан ривожланаётган организмининг эҳтиёжларини она сути тўла таъминлай олмайди. Шу сабабдан чақалоқ олти ойга тўлгач, шифокор тавсияси асосида унга она сутидан ташқари бўтқа, шарбат ва пюре кўринишида қўшимча озуқалар бериш мумкин. Шу хусусида Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим мудири, тиббиёт фанлари номзоди Фотима Абдураҳмонова баъзи тавсияларни берди.
Унга кўра, гўдакни қўшимча таом билан она сутидан олдин озиқлантириш керак. Болага бундай егулик икки ҳафта давомида берилгач, учинчи ҳафтадан бир марталик кўкрак сути билан овқатлантириш ўрнига алмаштирилади. Улар таркиби сабзавот бўтқаларидан ташкил топган бўлиши лозим.
Даставвал, бўтқа оз-оздан (5-10 грамм) бериб борилади, кейинчалик керакли миқдорга аста-секин етказилади. Шуни ёдда тутиш лозимки, бу ёшдаги гўдакка бир пайтнинг ўзида иккита қўшимча таом берилмайди. Бола биринчи қўшимча озуқага кўниккач, иккинчисига ўтиш мумкин.
Кичкинтой 7 ойлик бўлгач, унга иккинчи қўшимча таом – бўтқалар (маннали, гречкали) берилиб, 2 ҳафта ичида иккинчи галдаги она сути у билан алмаштирилади. Ушбу даврда қайнатилган тухум сариғининг ярмини ҳафтасига икки марта, кейин кунора бериш мумкин.
Бола 8 ойга тўлганда таомномага учинчи қўшимча егулик сифатида қатиқ ва творог киритилади. Дастлаб, қатиқ оз-оздан (5-10 грамм) бериб борилади, кейинчалик эса керакли миқдорга аста-секин етказилади.
-
9-ойдан бошлаб нон (печеньелар), олмани бўлакча шаклида бериш мумкин.
-
10-ойликдан бошлаб гўшт қиймасидан тайёрланган фрикаделькалар;
-
12-ойликдан буғда пишган котлетлар берилади.
Таъкидлаш жоизки, болага чой бериш мақсадга мувофиқ эмас. Унинг ўрнига мева шарбати, қайнатилган сув ичирилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ шакардан воз кечилса, организмда қандай ўзгаришлар юз бериши ҳақида маълум қилинганди.
LiveБарчаси