“Бир кун вокзалда ётдим, юкларим метрода турибди”. Тошкент талабаларни қандай қаршилади? (фоторепортаж)
Таҳлил
−
04 Сентябрь 2023
15059Бугун, 4 сентябрь республиканинг барча олий таълим муассасаларида дарс жараёнлари бошланди. Қайсидир талабани кўзида иштиёқ кўринса, яна кимдир пойтахт кўчаларини завқ билан томоша қилмоқда. Аммо чуқур ўйга толган юз ифодаларини ҳам учратиш мумкин. Сабаби уларни бугун қаерда қоламан деган ташвиш қийнамоқда. Аксарият талабалар энди ўқишга кирган, мактабни битириб келган ёш ўғил-қизлар. Уларнинг Тошкентдан орзулари катта, университетдан кўпроқ имкониятлар кутмоқда. Лекин пойтахт уларни биринчи кундан қандай кутиб олди? Шу каби саволларга жавоб олиш учун QALAMPIR.UZ журналисти талабалар, уларнинг ота-оналари ва яқинлари билан суҳбатлашди.
Контрактини тўлолмасам Россияга жўнатаман
Соат 9:00. Тошкентдаги олий ўқув юртларида дарс бошланиб улгурган. Пойтахтдаги талабалар шаҳарчаси одатдагидан гавжум. У ерда талабалар қаторида уларнинг ота-оналарини, кўрпа-тўшак, юкларини ҳам кўриш мумкин. Кўзимиз дастлаб ерга қараб, ўйланиб ўтирган отага тушди. Фарғоналик ота ўғли Тошкент давлат техника университетининг муҳандислик йўналишига ўқишга кирганини айтиб, ҳали ётоқхонага жойлашиши ҳал бўлмаганини билдирди.
“Ўзим 2-гуруҳ ногирониман. Бу ўғлимдан ташқари яна иккита ўғлим бор. У тўлов шартномаси асосида ўқишга кирган. Агар уни тўлай олмасам Россияга жўнатаман, бошқа иложим йўқ”, дейди исмини ошкор этишни истамаган ота.
Отанинг ёнида суҳбатдош бўлиб ўтирган йигит эса Тошкент давлат аграр университетини битирганини, лекин ўз соҳасида иш топилмагани ва бизнес билан шуғулланаётганини билдирди. У ҳам фарғоналик отанинг сўзига қўшилиб, талабанинг Россияга кетиб, ишлаши тарафдори бўлди. Кейин эса фикрини ўзгартириб, агар болада қизиқиш бўлса ўқиши кераклигини айтиб ўтди. Шундан сўнг, икки талаба йигитга кўзимиз тушди ва уларни ҳам саволга тутдик.
Уйдагилар учун ўқишга кирдим
“Исмим Мирсаид. Тошкентлик бўлганим учун ётоқхона ва квартира муаммоси йўқ. Дадам ҳайдовчи, онам тикувчи. Улар контрактимни тўлай олишади. Ўқишга ўзим хоҳлаб кирмадим. Ҳозирда IT йўналишидан кетганман. Тўғрисини айтсам, уйдагилар учун ўқишга кирдим”, деди Мирсаид.
Унинг дўсти Миркамол Саидов эса Тошкент давлат политехника университетининг менежмент йўналишига қабул қилинганини, аммо ўқишни истамаётганини билдирди.
“Топширган йўналишимга қизиқмайман. Бу бўйича ҳеч қандай режаларим ҳам йўқ. Бир йил ўқиб, кейин Кореяга кетмоқчиман”, дейди Миркамол.
Шунингдек, улар университетдан, у ерда дарс берадиган ўқитувчиларидан нима кутаётганини ҳам сўрадик.
“Қанақадир билим олгани келдим, деб ўйлагандим. Лекин ҳозир дарсга кирганимда адашмасам декан ўз ҳаётини гапириб ўтирди. Университетдан умуман бошқа нарсаларни кутгандим. “10” баллик системада “4” баҳо қўйдим”, дейди Миркамол.
Бу саволга эса Мирсаид университетдан эркинлик кутишини, форма масаласида қаттиқ турмасликларини исташини айтди.
Университет талабани даҳо қилиб қўймайди
Талабалардан сўнг улар қанчалик ётоқхона билан таъминланаётгани, ижара уйлар масаласи ҳамда таълим тизимидаги муаммолар ҳақидаги саволлар билан масъулларга юзландик.
“Бизда 5700 нафар талабани жойлаштириш имкони бор. Биринчи ўринда имтиёзи бор, ижтимоий ҳимояга муҳтожлар ётоқхонага жойлаштирилади. Бундан ташқари, ижара уйларнинг ҳам рўйхати шакллантирилган. Талабалардаги бу қадар салбий фикрларга сабаб улар реал имкониятни билмайди. Университет ҳеч қайси талабани даҳо қилиб қўймайди, Гарвардга борсангиз, ўзингизда ҳаракат бўлмаса ҳаммаси нолга тенг бўлади. Университет талабаларни йўналтириб беради, холос”, дейди Ўзбекистон Миллий университетининг матбуот котиби.
Контракт пулини тўлаш учун қўйимни сотдим
Юқорида исмини ошкор этишни истамаган фарғоналик ота ўғлининг контрактини тўлай олмаса Россияга жўнатишини билдирганди. Хўш, бошқаларда ҳолат қандай? Контракт юки қанчадан-қанча талабаларнинг иштиёқини ўлдириб, ота-оналарнинг белини букиб қўймаяптими? Шу каби саволлар билан юзланганимизда баъзилар чорвасини сотганини, яна бошқалар эса деҳқончилик ортидан контракт пулини тўлашини маълум қилди. Яна ўзига тўқлигини, ота-онаси “каттакон жойда” ишлашини айтган талабалар ҳам бўлди.
“Ўқишга контрактга кирдим, лекин ота-онам ўқимайсан дегани йўқ. Контракт учун қўйимизни сотдик”, дейди Улуғбек исмли суҳбатдошимиз.
Бир кун вокзалда ётдим, юкларим метрода турибди
“3-курсман, ҳали турадиган жойим аниқмас. Бир кеча вокзалда қолдим. Ҳозир юкларим метрода турибди. Энди ётоқхона масаласини ҳал қиламан”, дейди Баҳоуддин исмли талаба.
Яна бир талаба эса аввал қариндошини ётоқхонага жойлаштиришини, кейин эса ўзининг муаммоси ҳақида бош қотиришини айтди.
“Тошкент давлат аграр университетининг экология йўналишига ўқишга кирдим. Ҳозирда ётоқхона – глобал муаммо. Бориб ҳужжат тўғрилашим керак. Лекин аввал ёнимда қариндошим ҳам бор, уни аввал жойлаштиришим керак”, дейди Улуғбек исмли талаба.
2,5 миллион ойликка яшаб бўлмайди
Бугун пойтахтга талабалар келгани яққол сезилди. Ҳар йили минглаб талабалар Тошкентга келади ва уларнинг аксарияти вилоятига қайтиб кетишни хоҳламайди. Бунга сабаб нима эканини сўраганимизда, кўпчилик шаҳарда шароит яхшилиги, имкониятлар кўплиги ва асосийси маош юқорилигини билдирган.
Масалан, Ўзбекистон миллий университетининг тарих йўналиши талабаси бўлган қашқадарёлик йигит вилоятида 2,5 миллион ойлик билан оиласини тебрата ололмаслигини айтди.
“Мен 23 ёшман, келаси йили уйланмоқчиман. Аммо мен қишлоғимда 2,5 миллион ойлик билан оиламни боқа олмайман. Бу ерда маош яхши ва мен кетишни истамайман. Қашқадарёликларда келиш бор, кетиш йўқ”, дея кулиб ҳазил қилди талаба йигит.
Бу масалада қизларни фикрини ўрганганимизда техника университетининг 2-курс талабаси Шаҳризода исмли қиз вилоятига қайтиб кетмаслигини билдирди. Бунга сабаб қилиб у бу ерда янги ғоялар олишини, дунёқараши ривожланишини айтди.
QALAMPIR.UZ барча талабаларнинг ўқиши ва келгуси ишларида омад тилайди. Умид қиламизки, пойтахт уларга янада “бағрини очади”, шаҳарда ётоқхоналар сони ошиб, кўзларимиз бекатларда ётган сарсон талабаларни кўрмайди. Шу билан бирга, вилоятларда ҳам олий ўқув юртлари кўпайишини, уларнинг билим олиши учун тенг имкониятлар яратилишини, “талаба ҳам одамми” қабилидаги сўзларни эшитмасликни хоҳлаб қоламиз.