Билл Гейтс Ҳарриснинг кампаниясига 50 млн доллар хайрия қилди
Олам
−
23 Октябрь
2491Microsoft корпорацияси асосчиси, миллиардер Билл Гейтс АҚШ вице-президенти ва Демократик партиядан мамлакат президентлигига номзод Камола Ҳарриснинг сайловолди кампаниясини қўллаб-қувватловчи нодавлат ташкилотга 50 миллион доллар хайрия қилди. Бу ҳақда “New York Times” хабар берди.
Нашрга кўра, Гейтс ўз хайриясини Камола Ҳаррисни қўллаб-қувватлайдиган нодавлат ташкилотнинг Future Forward бўлимига йўналтирган ва бу аслида яширин бўлиб қолиши керак бўлган.
“Билл Гейтс яқинда вице-президент Камола Ҳарриснинг президентлик кампаниясини қўллаб-қувватлайдиган нодавлат ташкилотга тахминан 50 миллион доллар хайрия қилгани ҳақида махфий тарзда маълум қилди”, деди нашрнинг ушбу масала билан таниш уч манбаси.
Гейтснинг позициясига яқин манбага кўра, гарчи у ҳар қандай номзод билан ишлашга тайёр эканини билдирган бўлса-да, у бу йил дўстлари ва бошқа шахслар билан суҳбатлар чоғида республикачилар номзоди Дональд Трампнинг иккинчи президентлик муддати эҳтимолидан ташвишда эканини билдирган. Гейтснинг хайрия фондига яқин манбаларнинг маълум қилишича, Трампнинг қайта сайланиши ҳолатида оилани режалаштириш ва глобал соғлиқни сақлаш дастурлари қисқариши эҳтимоли фондни жиддий ташвишга солмоқда.
Қайд этилишича, Гейтснинг маблағи 501(c)(4) туридаги ташкилот бўлган Future Forward USA Action’га йўналтирилгани сабабли хайрия эгаси исмлари ошкор қилинмайди.
Маълумот учун, АҚШда президентлик сайловлари жорий йилнинг 5 ноябрида бўлиб ўтади. Демократик партия номидан Камола Ҳаррис, республикачилар номидан эса собиқ президент Дональд Трамп президентлик учун курашади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ америкалик миллиардер, Tesla ва SpaceX асосчиси Илон Маск АҚШ президентлик сайловларида Дональд Трампни қўллаб-қувватловчи Аmerica PAC сиёсий ташкилотига 3 ой ичида 75 миллион доллар хайрия қилгани хабар қилинган эди.