Бетоб мураббий. 12 йиллик “қора анъана”
Спорт
−
13 Октябрь
16722Якунланаётган ҳафта чинакамига футбол ҳафтаси бўлди. Клублар ўртасидаги ўйинлар бироз тин олиб, терма жамоалар Жаҳон чемпионати саралаши йўлида баҳсларга киришди. Биз учун эътиборлиси эса Ўзбекистон миллий терма жамоасини Эронга қарши жуда жиддий ўйин кутиб турганди. Ўйинга бир неча кун қолгандаёқ “оқ бўрилар” форсларга қарши баҳсни бош мураббийсиз ўтказиши аниқ бўлди ва якунда Эронга қарши тўқнашувда кутилган натижа қайд этилмади. Тугаётган ҳафтада Ўзбекистон футзал терма жамоасининг испаниялик мутахассиси ишдан олинди. Ўз навбатида Ўзбекистонда ўтган мундиалдаги омадсиз иштирок туфайли терма жамоанинг FIFA рейтингидаги ўрни кескин пасайди. Ассалому алайкум. Ўзбек футболи учун синовли ўтган ҳафта спорти воқеалари билан QALAMPIR.UZ’да спорт дайжести.
Ўзбекистон Эронга қарши бир киши кўп ўйнаб, дуранг қайд этди
2026 йил АҚШ, Канда ва Мексика яшил майдонларида ўтказиладиган Жаҳон чемпионатига саралаш босқичининг 3-турида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Эрон вакиллари билан баҳс олиб борди. Ушбу турга максимал – 6 очкодан жамғариб, гуруҳда қўшҳокимлик қилиб келаётган жамоалар баҳси тенг курашлар остида ўтди. Бир қанча имкониятлар юзага келганига қарамай, ўйиннинг илк тайми нурсиз дуранг билан якунланди.
Иккинчи бўлим ҳам икки жамоанинг жанговар курашлари билан бошланди. Шундай ҳолатларнинг бирида – 57-дақиқада Эрон жамоаси вакили Ҳардани ўзбекистонликлар сардори Элдор Шомуродовга нисбатан қўпол ўйнади ва бош ҳакам VAR ёрдамида вазиятни кўриб чиқиб, эронлик футболчини майдондан четлатди.
Ўйиннинг асосий вақтига қўшиб берилган вақтнинг дастлабки дақиқасида ўзбекистонликлар жарима майдончаси ичида Рустам Ашурматов қўлига тўп тегди. Дастлаб, ҳакам мезбонлар дарвозасига пенальти белгилади. Бироқ, у яна VAR’га мурожаат этди ва пенальтини бекор қилди. Ўйин шу тариқа якунланиб, 0:0 ҳисоби қайд этилди. Маълумот учун, шу ўйиндан кейин 7 очко билан Ўзбекистон МТЖ гуруҳда пешқадамликни давом эттиради.
Ҳакамлик ҳақида гапиришни истамайман – Владо Радманович
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ёрдамчи мураббийи Владо Радманович Жаҳон чемпионати саралаши 3-босқич 3-туридан ўрин олган Эронга қарши ўйиндан сўнг матбуот анжуманида иштирок этиб, ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
“Ушбу ўйин қийин бўлишини кутгандик, чунки рақибимиз ҳам Осиёда ўз ўрнига эга жамоалардан. Бизда яхши имкониятлар ҳам бўлди. Ўйинга ташриф буюрган мухлислар ва ОАВга ўз миннатдорлигимни билдираман. Биз ўйиндан ўйинга кучайиб боришни мақсад қилганмиз. Олдимизда янада жиддий баҳслар кутиб турибди. Навбатдаги ўйинимиз БААга қарши бўлиб ўтади ва мухлисларимиздан бизни қўллаб-қувватлашларини сўраб қоламиз”, дейди Радманович.
Радманович баҳсдаги ҳакамлик ҳақида ҳам тўхталди.
“Бу мавзуда гапиришни истамайман. Чунки мураббийлар учун ҳакамлар ҳақида гапириш нотўғри деб ҳисоблайман”, дейди мутахассис.
Мураббий терма жамоанинг жисмоний ҳолати тўғрисида ҳам фикрлари билан бўлишди.
“Терма жамоада бу йўналишда футболчилар билан ишлаш учун етарлича вақт бўлмайди, бу барча терма жамоаларда учраб турадиган муаммо. Чунки биз уларни ўйинга тайёрлашга 3 кун вақтимиз бор эди. Биз асосан тактик ва ўйин қуриш устида ишлаймиз. Остон дастлаб ўйинга тайёрлигини айтганди, бироқ охирги машғулотдан кейин у оғриқ ҳис қилди. Шу сабабли бу даражадаги ўйинда биз таваккал қила олмасдик”, дейди Радманович.
Маълумот учун, Ўзбекистон миллий терма жамоаси кейинги ўйинини 15 октябрь куни ўтказади. Ўша куни “оқ бўрилар” “Бунёдкор” стадионида БАА терма жамоасини қабул қилади.
Натижадан хафа бўлиб ўтиришга вақтимиз йўқ – Элдор Шомуродов.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов Жаҳон чемпионати саралаши 3-босқич 3-туридан ўрин олган Эронга қарши ўйиндан сўнг ўз фикрларини билдирди.
“Ёмон ўйнамадик, деб ўйлайман. 2 очко йўқотдик, лекин бу катта йўқотиш деб ўйламайман. Албатта, ҳар бир очконинг қадри биз учун муҳим. Бизнинг асосий мақсадимиз ЖЧга чиқиш. Кейинги ўйинда ғалаба қозониб, муҳим 3 очкони қўлга киритишга ҳаракат қиламиз. Эронга қарши ўйин ҳеч қачон осон бўлмайди. 0:0 ҳисобида ўйнаб жуда ёмон натижа кўрсатдик, деб ўйламайман. Ҳар доимгидек, кучли рақибга қарши муносиб кураш олиб бордик”, дейди футболчи.
Шомуродов Эрон футболчисига кўрсатилган қизил карточкага ҳам тўхталди.
“Биринчи навбатда, ғалаба қозонишимиз учун яхши имкониятимиз бор эди. Лекин айтганимдек, бугунги 1 очко ҳам ёмон натижа эмас. Кейинги ўйинга жиддий тайёргарлик кўришимиз керак, ҳозир натижадан хафа бўлиб ўтиришга вақтимиз йўқ”, дейди Шомуродов.
Хосе Венансио Лопес ишдан бўшатилди
Футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи испаниялик Хосе Венансио Лопес лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати хабар берди.
Манбага кўра, бугун, 8 октябрь куни футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги иштирокига бағишланган йиғилиш ўтказилган. ЎФА раҳбарияти ҳамда бош мураббий Хосе Венансио Лопес қатнашган йиғилишда жамоанинг мусобақадаги иштироки танқидий кўриб чиқилган.
Хосе Венансио ЎФА раҳбариятига терма жамоа бош мураббийи сифатида ишлаш имконияти берилгани учун миннатдорлик билдирган. Ўтган мусобақалар давомида ЎФА томонидан барча шароитлар тақдим этилганини қайд этган испаниялик мутахассис Ўзбекистондаги фаолияти давомида завқ билан ишлагани, барча мутахассислар унга кўмаклашганини айтиб, келгусида дўстона алоқаларни сақлаб қолиб, ҳар қандай ёрдамга тайёр эканлигини маълум қилган.
Маълумот учун, 14 сентябрдан 6 октябрга қадар Ўзбекистонда футзал бўйича Жаҳон чемпионати баҳслари ўтказилди. Мезбонлар мусобақада бирорта ҳам баҳсда ғалаба қозона олмай, гуруҳда 4-ўринни эгаллаб турнирдаги юришини якунлади. Чемпионатда Жанубий Америка вакили Бразилия терма жамоаси ғолиб бўлди. БАА билан ўйин олдидан Ўзбекистон жиддий йўқотишга учради.
Жаҳон чемпионати саралаши 3-тури доирасида Эрон билан ўйинда сариқ карточка олган “Рубин” клуби ҳимоячиси Рустам Ашурматов Ўзбекистон терма жамоасининг БАА қарши ўйинини ўтказиб юборади. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати хабар берди.
Ашурматов иккита ўйинда сариқ карточка олиши оқибатида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг БААга қарши учрашувида иштирок эта олмайдиган бўлди. Мураббийлар штаби томонидан унинг ўрнига “Пахтакор” клуби футболчиси Диёр Холматов терма жамоага жалб этилди.