Белградда минглаб одамлар ҳукуматга қарши намойишга чиқди (фоторепортаж)
Олам
−
25 Декабрь 2023
11932Кеча, 24 декабрь куни Сербия пойтахти Белград марказида 2,5 мингга яқин одам намойишга чиқди. Уларнинг 1,2 мингга яқини шаҳар маъмурияти биносига бостириб киришга уринди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Жорий йилнинг 17 декабрь куни Сербияда маҳаллий кенгашлар ва парламентга сайлов бўлиб ўтди. 18 декабрь куни кечқурун эса сайлов натижаларидан норози партиялар тарафдорлари оммавий намойишларни бошлади.
Сайлов натижаларига кўра, "Александар Вучич – Сербия тўхтамаслиги керак" ҳукмрон коалицияси мамлакат парламентига сайловларда ғалаба қозонди. Иккинчи ўринни “Сербия зўравонликка қарши” мухолифат блоки, учинчи ўринни Сербия Социалистик партияси коалицияси эгаллади.
Мухолифат Александр Вучич ва унинг ҳукмрон партиясини сайлов бюллетенларини тўлдириш, сайловчиларга пора бериш ва бошқа усуллар орқали сайлов натижаларини сохталаштиришда айбламоқда.
Белград шаҳар кенгашига сайловлар мухолифатни айниқса ғазаблантирган. Улар расмийлар вилоятлардан ҳукмрон партияни чин дилдан ёки “худбинлик” билан қўллаб-қувватловчи сайловчиларни оммавий равишда олиб келганини даъво қилмоқда.
Мухолифат Белград марказидаги Республика сайлов комиссияси биноси ёнида бир қатор митингларни бошлади ва ҳозиргача давом этмоқда.
Кеча, 24 декабрь куни кечаси намойишчилар Сербия пойтахти Белграднинг марказий кўчаларини тўсиб, шаҳар маъмурияти биносига бостириб киришга ҳаракат қилди.
Намойишчилар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига тош ва шиша отган. Бунга жавобан полиция кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган ва намойишчиларни тарқатиб юборган. Мухолифат вакиллари шаҳар маъмурияти биноси олдидаги майдонни тарк этгач, у ерда тергов ҳаракатлари бошланди. Воқеа жойига Сербия Ички ишлар вазири Братислав Гашич етиб келди.
Белграддаги минглаб намойишчилар Миллий сайлов комиссияси биноси олдида тўпланиб, “ўғрилар, ўғрилар” деб ҳайқирган.
Сербия Президенти Александр Вучич Белграддаги мухолифат митинги фонида фуқароларни хотиржамликка чақириб, халқига шошилинч мурожаат қилган.
“Сизларга айтмоқчиман, Сербия фуқаролари, саҳналар драматик бўлса ҳам, хавотир олманг. Ҳеч қандай инқилоб юз бермаяпти, улар бунинг ҳеч биридан қутулолмайди. Юмшоқ ва тинч муносабат билан биз тасодифий намойишчиларнинг бирортасига ҳам зарар етказмасликка ҳаракат қиламиз”, деган Вучич.
Унинг сўзларига кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари вазиятни назоратда ушлаб турибди. У намойиш иштирокчилари 2,5 минг киши бўлганини айтди. Президент ҳуқуқ-тартибот идоралари бегуноҳ одамлар жабр кўрмаслиги учун ўзини эҳтиёткорлик билан тутишга ҳаракат қилаётганини қўшимча қилган.
Президент Вучич мухолифатнинг даъволарини "бемаънилик ва ёлғон" деб атади. Шу билан бирга, унинг айтишича, агар ҳеч бир партия кўпчилик коалициясини туза олмаса, Белградда янги сайловлар ўтказилади.
"Зўравонликка қарши курашга қасамёд қилганлар ҳозиргина ўзларининг ҳақиқий бандитлар эканини тасдиқладилар", дейди Сербия Президенти.
Вучичнинг айтишича, Сербия разведка хизматлари норозилик намойишлари тайёрланаётганини олдиндан билган. Баъзи хорижий разведка хизматлари Белград билан шундай маълумотларни бўлишган. Натижада расмийлар ҳужумчилар нимани режалаштираётганини аниқ билган.
“Кўпчилик ўзини содда қилиб кўрсатди ва нима бўлаётганини эшитишни ҳам, кўришни ҳам хоҳламади”, дейди Александр Вучич.
Шунингдек, у мухолифат тарафдорларининг Белград шаҳар маъмурияти биносига бостириб киришга уринишини мамлакат суверенитетига ҳужум деб атади.
“Биз мамлакатимиз мустақиллиги ва суверенитетини асраб-авайлаймиз”, деган у.
Сербия раҳбари мамлакатда ҳокимиятни зўравонлик билан алмаштирмасликка ваъда берди. Унинг қўшимча қилишича, у Белграддаги қароргоҳининг деразалари остида “ҳар куни кимдир норозилик билдириши ва шовқин-сурон қилиши”га аллақачон ўрганиб қолган.
LiveБарчаси