Беларусь мухолифати Украина ғалаба қилишини хоҳлайди
Олам
−
25 Апрель 2023
6625Беларусь мухолифати етакчиси Светлана Тихановская мамлакатда кўпчилик Украинани қўллаб-қувватлаётгани, юзлаб беларуслик кўнгиллилар Украина томонида жанг қилаётганини айтди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.
Кеча, 24 апрель куни Берлиндаги Науманн фондида бўлиб ўтган “Озодликни муҳокама қилиш” йиллик тадбирида иштирок этган Тихановская Беларуснинг эркинлиги Украинанинг Россия билан урушда ғалаба қозонишининг зарурий шарти эканини айтган.
“Эркин Украинасиз эркин Беларусь бўлмайди ва эркин Беларуссиз эса хавфсиз Украина бўлмайди”, деган Тихановская.
Шунингдек, у Украина томонида юзлаб беларуслик кўнгиллилар жанг қилаётганидан фахрланишини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, Россиянинг расмий иттифоқчиси ҳисобланган қўшни давлатдан камида 18 нафар кўнгилли Украинани ҳимоя қилишда ҳалок бўлган.
Бундан ташқари, мухолифат етакчиси биргина 2022 йилда Беларусь темир йўл партизанлари рус қўшинларини тўхтатиш учун 80 та қўпорувчилик ҳаракатларини амалга оширганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, Россиянинг урушини қўллаб-қувватловчи Александр Лукашенко режими ва украиналиклар билан биргаликда “жангари империяни” даф этаётган беларусь халқини фарқлаш муҳим.
Маълумот учун, 2020 йил 9 август куни Беларусда бўлиб ўтган, Лукашенко олтинчи бор ғалаба қозонган президентлик сайловларидан сўнг мамлакатда мухолифатнинг оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтган. Мухолифат Тихановскаяни президентлик сайловларида ғолиб деб ҳисоблаган. Бироқ унга қарши қатор жиноий ишлар очилган ва у террорчилик фаолиятига алоқадор шахслар рўйхатига киритилган. Жорий йилнинг март ойида эса Минск шаҳар суди Светлана Тихановскаяни сиртдан 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган. Тергов унга бир вақтнинг ўзида ўнта айблов қўйди: унвон ва ҳокимиятни рухсатсиз тортиб олиш, миллий хавфсизликка қарши ҳаракатларда хорижий давлатга ёрдам бериш, ҳокимиятни эгаллаб олиш учун фитна уюштириш, нафрат уйғотиш, экстремистик тузилма яратиш, МСК ишига тўсқинлик қилиш ва бошқалар.
LiveБарчаси
“Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раиси ўзгарди.
04 Декабрь
Доллар курси бироз пастлади.
04 Декабрь