Беларусь Берлин ва Варшаванинг Навальний ҳақидаги суҳбатини эълон қилди
Жамият
−
05 Сентябрь 2020
10020Беларусь давлат ОАВ расмий Берлин ва Варшаванинг заҳарланган россиялик мхолиф сиёсатчи Алексей Навальний бўйича мулоқотининг қўлга киритилган қисмини эълон қилди.
Беларусь Президенти Александр Лукашенко Россия Федерацияси Бош вазири Михаил Мишустин билан учрашганида Германиянинг Навальний заҳарлангани ҳақидаги иддаолари ёлғон эканини, Минскда бунинг далили борлигини айтганди. У Германия ва Польша ўртасидаги телефон мулоқоти ёзиб олинганини ва уни РФ Федерал хавфсизлик хизматига беришини маълум қилганди.
Беларусь эълон қилган суҳбатда қуйидагилар айтилган:
Варшава: Алло! Хайрли кун, Ник. Ишларинг қалай?
Берлин: Ҳаммаси режадагидек… Навальний бўйича материаллар тайёр. Канцлер администрациясига юборилади. Унинг баёнотини кутамиз.
Варшава: Заҳарланиш аниқ тасдиқланадими?
Берлин: Эшит, Майкл. Мазкур ҳолатда бу у қадар муҳим эмас… Уруш кетяпти… Уруш вақтида эса ҳар қандай усул яхши.
Варшава: Қўшиламан. Путиннинг Беларусь ишларига бурун суқишга бўлган қизиқишини сўндириш керак… Энг самарали йўл — уни Россия муаммоларига кўмиб ташлаш, муаммолар эса кам эмас! Бунинг устига яқин кунларда сайловлар, Россия минтақаларидаги овоз бериш куни.
Берлин: Шу билан шуғулланяпмиз. Беларусда ўзи ишлар қалай?
Варшава: Тўғрисини айтганда, яхши эмас. Президент Лукашенко “қаттиқ ёнғоқ” бўлиб чиқди. Улар профессионал ва ташкилотчи. Россия уларни қўллаб-қувватлаётгани тушунарли. Амалдорлар ва ҳарбийлар президентга содиқ. Қолганини телефон орқали эмас, кўришганда гаплашамиз.
Берлин: Ҳа-ҳа, тушунаман, унда кўришгунча хайр.
Варшава: Хайр.
Аввалроқ, Германия Берлиндаги клиникада даволанаётган россиялик мухолиф сиёсатчи асаб тизимини фалажловчи “Новичок” гуруҳига кирувчи модда билан заҳарланганини маълум қилганди.
Эслатиб ўтамиз, Алексей Навальний Томскдан Москвага самолётда қайтаётганда тоби қочиб, зудлик билан Омскдаги шифохонага ётқизилди. Унинг тарафдорлари Навальнийни Германияга олиб кетиш ҳаракатига тушди. Аммо икки кун давомида Омскдаги шифохона шифокорлари уни кўчиришга рухсат бермай келди.
Бу орада Навальнийни заҳарланган деб тахмин қилаётганлар бу ҳаракатни Кремлнинг режаси деб баҳолади. Икки кундан кейин сиёсатчи Берлинга олиб кетилди. Германия Ҳукумати Россиядан ҳолат бўйича шаффоф текширув бошлашни сўради. Кремль бу чақирувга муносабат билдириб, заҳарланишни исботловчи далил йўқлигини маълум қилди.
Германия эса иттифоқчилари билан Россияга қарши санкциялар жорий қилиш бўйича муҳокамаларни бошлаб юборди.
LiveБарчаси