Беҳзод Мусаев ишдан олинди

Жамият

image

Бугун, 3 сентябрь куни Беҳзод Анварович Мусаев бошқа ишга ўтиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги директори лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти тегишли қарорни имзолади.

Мухсинхўжа Турсунхўжаевич Абдураҳмонов эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги директори лавозимига тайинланган.

Маълумот учун, Беҳзод Мусаев 1973 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1995 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини, 2004 йилда Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясининг Олий бизнес мактабини тамомлаган. 2018 йил май ойида Давлат солиқ қўмитаси раҳбари, 2020 йил 14 майда Бош вазирнинг ижтимоий ривожланиш бўйича ўринбосари, 2021 йил 11 ноябрда Соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланган. 2022 йил 30 декабрдан 2024 йил сентябргача Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири сифатида ишлаган. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида Миграция агентлигининг собиқ бўлим бошлиғи, Андижон вилоятида туғилган 35 ёшли Азизбек Тоштемиров Жанубий Кореяга ишга кетиш учун ўтказиладиган баъзи EPS–Topik имтиҳонлари вақтида айрим номзодлар ўрнига бошқа шахслар киритилгани, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг баъзи ходимлари эса уларга тестдан ўтишда гўёки ёрдам бергани ҳолатлари кузатилган ва эҳтимолий қонунбузарлик тўғрисида фуқаролардан бир қанча мурожаатлар бўлгани сабабли халқаро қидирувга берилганди.

Воқеадан бироз аввал эса Ташқи меҳнат миграцияси ва хусусий бандлик агентликлари собиқ мансабдор шахслари томонидан амалга оширилган коррупцион схема аниқлангани, улар 600 дан ортиқ одамдан $90 млн олгани фош қилингани маълум бўлганди.

Шундан сўнг, 2025 йилнинг март ойида коррупцион жиноятда айбланиб, ишдан бўшатилган,  фирибгарликда гумон қилинган ва Интерполга қидирувга берилган Миграция агентлигининг собиқ ходими Азизбек Тоштемировнинг ўзи бу айбловларни буткул рад этиб, ҳар қандай қонунбузарлик ва коррупция бошида агентликнинг амалдаги раҳбари Беҳзод Мусаев турганини иддао қилган ҳамда “Корея 24 соат” деб номланган Telegram-каналида бу ҳақда маълумотларни жойлай бошлаган. 

Мазкур хабарлар омма орасида турли шубҳаларни уйғотгандан сўнг, 20 июнь куни ваниҳоят Миграция агентлиги шов-шувли ҳолат бўйича расмий муносабат билдирганди. Унда агентлик Азизбек Тоштемировнинг скриншот, аудио ва расмлар билан иддао қилаётган гаплари ҳақиқатга тўғри келмаслигини ва бир томонлама талқин қилингани билдирганди.

Бу гаплар фонида, жорий йил 23 июль куни QALAMPIR.UZ’нинг Интерпол сайтида олиб борган тадқиқлари натижасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг собиқ ходими – Ички ишлар вазирлиги сўрови билан Интерпол орқали халқаро қидирувга берилган Азизбек Тоштемировнинг номи халқаро қидрувдаги шахслар рўйхатидан сирли равишда ғойиб бўлгани аниқланганди.

Бу орада агентлик ходимларига алоқадор бир нечта фирибгарлик ва талон-тарож қилишга оид, 90 млн доллар олдида "писта пули"дек кўринадиган жиноий ишлар аниқланди. Куйинроқ, “Ezgulik” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ўзининг Telegram-каналида 90 миллион АҚШ доллари миқдорида зарар етказилгани айтилган “Корея иши” бўйича суд жараёни 29 июль куни бошланишиниши ёзган. Иш Жиноят ишлари бўйича Бектемир тумани судида судья Дадахонова раислигида кўриб чиқилмоқда. Иш доирасида пора олиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ҳамда ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги бўйича айбловлар билан Ганчар Узоқов, Темур Шорихсиев, Алижон Ашуров ва Сухроб Сайфутдиновлар судланувчи сифатида жалб этилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг