Байден Украина учун ажратилган маблағдан Тайванга қурол сотиб олмоқчи – FT
Олам
−
02 Август 2023
3361АҚШ Президенти Жо Байден Конгрессдан Тайвань учун қурол сотиб олишни Украинага ёрдам сифатида ажратилган қўшимча бюджетдан молиялаштиришни сўрамоқчи. Бу ҳақда манбаларига таяниб, “Financial Times” хабар берди.
Айтилишича, Оқ уй “Хитойдан келаётган таҳдид кучайиб бораётган бир шароитда” оролга қурол етказиб беришни тезлаштиришни хоҳлайди. Бошқарув ва бюджет идораси Тайванни молиялаштиришни Украина учун қўшимча бюджет сўровига киритиши кутилмоқда, бироқ Тайбэйга ҳарбий ёрдам учун ажратиладиган маблағларнинг аниқ миқдори ҳозирча номаълум.
Агар Конгресс ташаббусни маъқулласа, Тайвань биринчи марта АҚШ солиқ тўловчилари томонидан молиялаштириладиган хорижий ҳарбий ёрдам тизими орқали қурол олади. Худди шундай механизм Киевга ҳарбий ёрдам кўрсатишда ҳам қўлланилади.
Манбага кўра, ўтган ҳафта Байден Пентагоннинг мудофаа маҳсулотлари ва хизматлари, шунингдек, Тайванга ёрдам бериш учун ҳарбий таълим ва ўқитиш учун 345 миллион долларгача маблағ ажратишга буйруқ берган.
Қайд этиш жоизки, Вашингтоннинг Тайбэй билан ҳарбий-техник ҳамкорлиги Пекинни хавотирга солади. 1949 йилдан бери Тайвань ўз маъмурияти томонидан бошқарилади, аммо ХХРнинг расмий позициясига кўра, у Хитой провинцияларидан бири ҳисобланади. Қўшма Штатлар 1979 йилда Тайван томони билан дипломатик алоқаларни узиб, ХХР билан ўрнатган. Қўшма Штатлар “ягона Хитой” сиёсатини тан олган ҳолда, Тайбэй маъмурияти билан алоқаларни давом эттирмоқда ва оролга қурол-яроғ етказиб беряпти. АҚШ Мудофаа вазирлиги Тайбэйни ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, ўқотар қуроллар, ракеталар, разведка ва кузатув ускуналари билан таъминлайди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Хитой Тайванга ҳарбий босимни кучайтиргани хабар берилганди. АҚШ ҳукумати эса оролга тез орада тахминан 330 миллион долларлик ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этиши айтилди.