Хитой Тайванга ҳарбий босимни кучайтирди
Олам
−
12 Июль 2023
6586Хитой икки кун давомида Тайванга денгиз кемалари ва катта гуруҳ ҳарбий самолётларини, жумладан қирувчи ва бомбардимончи самолётларни юборди. Бу ҳақда “Associated Press” агентлиги хабар берди.
Маълумотларга кўра, Тайванни эҳтимолий босқинчиликдан ҳимоя қилишга қаратилган йиллик ҳарбий машғулотлар бошланишидан аввал Хитой армияси ҳарбий-денгиз кучларининг 38 та ҳарбий самолёти ва 9 та кемасини жўнатган.
12 июль куни эрталабдан тушгача Хитой ҳарбийлари J-10 ва J-16 қирувчи самолётлари иштирокида яна 30 та парвозни амалга оширган. Хитойнинг ҳарбий самолётлари Тайвань бўғозининг ўрта чизиғини икки кун ичида камида 55 марта кесиб ўтган, бу орол ва материк ўртасидаги буфер ҳисобланган норасмий чегара.
Айтилишича, июль ойининг охирида Тайвань ҳар йили ўқув машғулотларини ўтказишни режалаштирмоқда, унда Қуролли кучлар жанговар тайёргарликни ошириш ва босқинни олдини олиш бўйича машғулотлар ўтказади.
Бундан ташқари, ҳар йили тинч аҳолини табиий офатларга тайёрлаш ва ҳаво ҳужумлари содир бўлган тақдирда эвакуация қилишни ўрганишга қаратилган машғулотлар олиб борилади.
Маълумот учун, Хитой ўзини ўзи бошқарадиган Тайванни ўз ҳудуди деб билади ва сўнгги йилларда орол ҳукуматининг сиёсий фаоллигидан кескин норозилигини кўрсатиб, Тайвань томон юборилаётган ҳарбий самолётлар сонини оширди.
Ўтган йили у орол яқинидаги сувлар бўйлаб парвоз қилиш учун денгиз кемалари ва дронларини ҳам жўнатишни бошлаган.