Байден туфайли миллиардлаб долларлик ускуналар “Толибон”га қолмоқда — Трамп
Олам
−
12 Июль 2021
10766Президент Жо Байден ҳокимиятга келиши ортидан АҚШ қўшинлари Афғонистонда “Толибон” ҳаракати қўлига тушадиган миллиардлаб долларлик қурол-аслаҳа ва ускуналарни қолдириб кетмоқда. Бу ҳақда Американинг собиқ раҳбари Дональд Трамп таъкидлади.
“У (Байден — таҳр.) миллиардлаб долларлик ускуналарни қолдиради. Мен генералларга ҳар бир тирноқни, барча танкларни қайтариб олишни хоҳлашимни айтгандим. Бунинг ўрнига ҳозир “Толибон” Жо Байден уларга қолдириб кетган қуролларимиз билан парад қилмоқда. Бу уят”, деган Трамп.
Жорий йилнинг июль ойи бошида Пентагон АҚШ ва НАТО контингенти Баграм базасини тарк этганини эълон қилди. Кейин бир қатор Америка оммавий ахборот воситалари афғон расмийлари бу ҳақда олдиндан огоҳлантирилмаганини хабар қилди. Пентагон Матбуот котиби Жон Кирби эса бу бўйича баёнот бериб, АҚШ ҳарбийлари хавфсизлик нуқтаи назаридан Афғонистон раҳбариятини хабардор қилмаганини тасдиқлади.
Жорий йилнинг 6 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 90 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, Италия, Германия ва Австралия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.
Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Расмий Кобул ҳаракат тарафдорларига қарши қарши ҳужумларни режалаштирмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь