НАТО кучлари Афғонистондаги асосий ҳарбий базасини тарк этди
Олам
−
02 Июль 2021
7057Америка ва НАТО кучлари Афғонистоннинг Парван вилояти Баграм шаҳридаги авиабазани тарк этди. Бу ҳақда бугун, 2 июль куни АҚШ Мудофаа вазирлиги вакили маълум қилди.
“Барча коалиция кучлари Баграмдан чиқиб кетди”, дейилади хабарда. Бироқ, ҳарбийлар қачон ушбу базани тарк этгани ҳамда қачон ҳарбий ҳудуд Афғонистон Қуролли кучларига қайтарилиши ҳақида маълумот берилмаган.
Қайд этиш керакки, Ғарб кучларининг Афғонистондаги 20 йиллик операциялари вақтида ушбу Баграм асосий ҳарбий база бўлиб хизмат қилган. У мамлакат пойтахти Кобулдан атиги 60 км узоқликда жойлашган.
Эслатиб ўтамиз, шу вақтга қадар Италия ва Германия Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетишга улгурган. АҚШ ҳам жараённи тезлаштирган. Баъзи манбаларга кўра, Америка мустақиллик куни — 4 июлга қадар барча қўшинларини олиб чиқиб кетиши мумкин.
Фаоллашган "Толибон"
Қайд этиш керакки, АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлагандан бери “Толибон” кескин ҳаракат қилмоқда. Тасдиқланган маълумотларга кўра, сўнгги ўн кун ичида Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош тўрт вилоятида ҳукумат кучлари ва “Толибон” ўртасида тўқнашувлар бўлган.
Натижада Таҳор вилоятининг Чаҳеб, Янги Калъа, Даркад, Дашти Қалъа, Хожағор туманлари, Қундуз вилоятининг Дашти Арчи, Имом Соҳиб ва Қалъаи Зол туманлари, шунингдек Шерхон-Бандар ва Кокул назорат пунктлари “Толибон” назорати остига ўтди. БМТ маълумотига кўра, 22 июнь ҳолатига Афғонистоннинг 50 дан ортиқ туманини эгаллаган.
Сўнгги кунларда толиблар билан жангларда оғир зарбага учраган афғон қўшинларининг қўшни республикалар ҳудудига қочиб ўтиш ҳолатлари кузатилди. Жумладан, жорий йилнинг 22 июнь куни 130 дан ортиқ афғон ҳарбийлари чегарадош Тожикистонга, 23 июнь куни эса уларнинг 53 нафари Ўзбекистонга қочиб ўтган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь