АҚШ Баграм базасидан ҳарбийларини огоҳлантиришсиз олиб чиқиб кетганини изоҳлади 

Олам 7020
image

Америка томони хавфсизлик нуқтаи назаридан Афғонистон ҳукуматига ўз кучларини Баграм базасидан олиб чиқиб кетишнинг аниқ вақтини ошкор қилмаган. Бу ҳақда Пентагон Матбуот котиби Жон Кирби маълум қилди.  

Шунингдек, Кирби ушбу ҳарбий иншоот устидан назоратни топширишда АҚШ ҳарбийлари афғон томони билан келишганини қўшимча қилган. 

“Афғонистон томони ушбу қарорни қандай талқин қилгани ҳақида гапира олмайман, аммо бу бизнинг кучларимиз хавфсизлиги учун қилинган”, деган Пентагон вакили. 

Аввалроқ, АҚШ ҳарбийлари Афғонистоннинг Парван вилояти Баграм шаҳридаги авиабазани ҳеч қандай огоҳлантиришсиз тарк этгани ҳақида хабар бергандик. 

Маълумот ўрнида, АҚШ ўз қўшинларининг 90 фоизини, аллақачон, Афғонистондан олиб чиқиб кетди. Бундан ташқари, Италия ва Германия ҳам ушбу мамлакатдан қўшинларини олиб чиқиб кетган. Хорижий қўшинларнинг мамлакатни тарк этиши “Толибон” ҳаракатига устунлик бермоқда ва улар бирин-кетин мамлакат туманларини эгаллаб келмоқда. БМТ маълумотларига кўра, республиканинг 50-70 фоизи толиблар қўлида.

Бу эса ўз навбатида Афғонистон ҳукумати қўшинларига қийинчилик туғдирмоқда. Улар толибларга қарши жангда вақти-вақти билан чекинишга ва ҳатто, қўшни Ўзбекистон ҳамда Тожикистон ҳудудларига қочиб ўтишга ҳам мажбур бўлмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 22 июнь куни 130 дан ортиқ афғон ҳарбийлари чегарадош Тожикистонга, 23 июнь куни эса уларнинг 53 нафари Ўзбекистонга қочиб ўтган. Кеча, 5 июль куни ҳам 1000 дан ортиқ Афғонистон ҳарбийлари “Толибон” жангариларининг ҳужуми сабаб қўшни Тожикистонга қочиб ўтди.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 219
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×