Байден илк бор Берлинга боради
Олам
−
25 Сентябрь
1974АҚШ Президенти Жо Байден Германия канцлери Олаф Шольц, Франция Президенти Эммануэль Макрон ҳамда Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер билан Украинага кейинги ёрдамни муҳокама қилиш учун Берлинга ташриф буюради. Бу ҳақда “Der Tagesspiegel” хабар берди.
Норасмий маълумотларга кўра, Байден президентлик курсисини эгаллаганидан бери Берлинга илк бор ташриф буюради. У Германия пойтахтига президентлик сайловларига бир ойдан камроқ вақт қолганда – 10 октябрь куни ташриф билан келади ва у ерда 3 кун қолади.
Газетанинг ёзишича, АҚШ, Франция, Германия ҳамда Британия ўртасидаги тўртлик форматидаги учрашув Украинани янада қўллаб-қувватлашга бағишланади.
Бир ҳафта олдин Американинг “The Hill” газетаси Президентнинг атрофидагиларга таяниб, Байденнинг Берлинга бориш режалари ҳақида хабар берган эди. Бироқ саёҳат вақти эълон қилинмади. Ҳозирча расман тасдиқланмаган.
Ташриф амалга ошса, бу Байденнинг қарийб тўрт йиллик президентлик даврида икки томонлама муносабатлар доирасида Германияга илк ташрифи бўлади. АҚШ Президенти Берлинга охирги марта бундай ташриф билан саккиз йил олдин келган – бу Барак Обама эди. Шу билан бирга, 2022 йилда Байден Бавариянинг Элльмау шаҳрида бўлиб ўтган G7 саммитида иштирок этган ва 2023 йилда Рамштейн ҳарбий базасига ёқилғи қуйиш учун қўнган.
Маълумот учун, 2025 йилнинг январида 81 ёшли Жо Байден президентликдан кетади. Ўтган ёзда, ўз партиясининг босими остида, у иккинчи муддатга номзодини қўйишдан бош тортди, шундан сўнг Демократлар вице-президент Камола Ҳаррисни ўз номзоди сифатида кўрсатди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Жо Байден Оқ уйда Германия канцлери Олаф Шольцни қабул қилганди. Етакчилар АҚШ-Германия муносабатлари билан бирга Украинага хавфсизлик, гуманитар, иқтисодий ва сиёсий ёрдам кўрсатиш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни ҳамда украин халқи билан глобал бирдамликни сақлаш муҳимлигини муҳокама қилганди.