Байден Эрдўған билан Истанбулдаги терактни муҳокама қилди. Иш ортида АҚШ борми?
Олам
−
15 Ноябрь 2022
8179АҚШ Президенти Жо Байден Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан G20 саммити доирасида учрашиб, Истанбулдаги теракт, ғалла бўйича келишувни қайта тиклаш имкониятлари ва НАТО доирасида мувофиқлаштириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда бугун, 15 ноябрь куни Оқ уй матбуот хизмати маълум қилди.
“Президент Байден Истанбулдаги зўравонлик ҳаракатлари туфайли Президент Эрдўған ва Туркия халқига чуқур ҳамдардлик билдирди ва НАТОдаги иттифоқдошимизни қўллаб-қувватлашимизни билдирди. Президент Байден Президент Эрдўғанга Қора денгиз дон ташаббусини қайта бошлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирди”, дейилади Президентлар учрашуви якунлари бўйича баёнотда.
Туркия Президенти Байденнинг таъзияси ва ҳамдардлик сўзларига қандай жавоб қилгани маълум эмас. На Оқ уй матбуот хизмати, на Туркия раҳбари маъмурияти бу ҳақ ёзган. Бироқ, Туркия расмийлари, жумладан Ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу Истанбулда содир этилган терактда АҚШни айблаб келмоқда.
Гап шундаки, Сулаймон Сойлу эса Истанбулда юз берган терактда АҚШни айблаб, ушбу давлатдан ва унинг Туркиядаги элчихонасидан таъзия кутмаслиги, аксинча, ҳар қандай ҳамдардликни рад этишини маълум қилди.
“Биз Америка элчихонасининг ҳамдардлигини қабул қилмаймиз, рад этамиз. Албатта, Кобани (Сурия) ва террор ҳудудларини озиқлантирадиган бу тушунчага ўз Сенатларидан пул жўнатиб, Туркия тинчлигини у ердан бузишга уринаётган бир давлат билан иттифоқчилигимиз, албатта, муҳокама қилиниши керак.
Биз ҳеч кимга душман эмасмиз, бировнинг ерида кўзимиз йўқ, ҳеч кимга хиёнат қилмаймиз, лекин шуни айтмоқчиманки, бу хиёнатларга чидашга сабримиз тугади.
Албатта, муваффақиятли операция билан террорчилар қўлга олинди. Агар биз уларни тутмаганимизда, бугун Грецияга яширинча олиб ўтишарди”, дейди вазир Сойлу.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 13 ноябрь куни тушдан кейин Истанбулнинг Бейўғли туманидаги сайёҳлар гавжум ва машҳур Истиқлол кўчасида кучли портлаш содир бўлди. Расмий маълумотларга кўра, портлаш оқибатида олти киши ҳалок бўлган, 80 дан ортиқ киши жароҳатланган. Жароҳатланганларнинг 50 нафарига шу куннинг ўзида шифокорлар уйга кетишга рухсат берган. 31 киши шифохонага жойлаштирилган. Улардан беш нафарининг аҳволи оғир, 2 нафари ўтар оғир аҳволда. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған воқеада террор изи борлигини айтди.
LiveБарчаси