Барча мактаб битирувчилари ўзбек тилидан имтиҳон топшириши мажбурий бўлади
Жамият
−
27 Февраль
2399Энди таълим тили ўзбек тили бўлмаган синф битирувчилари ҳам давлат (ўзбек) тилидан имтиҳон топширади. Бу Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2025 йил 20 февралдаги 65-сонли буйруғи билан умумий ўрта таълим муассасаларида якуний давлат аттестацияси ўтказиш тартибида белгиланди.
Ушбу ҳужжатга асосан умумий ўрта таълим муассасаларида якуний давлат аттестацияси ўтказиладиган фанлар рўйхати ва имтиҳон ўтказиш шакллари, умумтаълим фанлари ҳамда хорижий тилларни билиш даражасини баҳоловчи миллий ва халқаро тан олинган сертификатлар рўйхати тасдиқланган.
Унга кўра, 9-синф ўқувчиларининг якуний давлат аттестацияси:
- Она тили ва адабиёти (таълим ўзбек тилида олиб бориладиган синфлар учун) фанидан – ёзма;
- Давлат тили (таълим тили ўзбек тили бўлмаган синфлар учун)дан – ёзма;
- Математика фанидан – ёзма;
- Ўзбекистон тарихи фанидан – ёзма/оғзаки;
- Жисмоний тарбия фанидан – амалий шаклда ўтказилади.
11-синф ўқувчиларининг якуний давлат аттестацияси:
- Она тили ва адабиёти (таълим ўзбек тилида олиб бориладиган синфлар учун) фанидан – ёзма;
- Давлат тили (таълим тили ўзбек тили бўлмаган синфлар учун)дан – ёзма;
- Математика (Асосий) / Математика (Чуқурлаштирилган) фанидан – ёзма;
- Тарих фанидан – ёзма;
- Ўқувчининг танлови бўйича:
- Она тили ва адабиёти (қорақалпоқ, рус, қозоқ, туркман, тожик, қирғиз тилида таълим бўлган синфлар учун), Биология, Физика, Кимё, Давлат ҳуқуқ асослари, География фанларидан – ёзма;
- Чет тили фанидан ёзма/оғзаки шаклда ўтказилади.
Хабарга кўра, 2025 йилидан бошлаб таълим ўзбек тилида олиб борилмайдиган умумий ўрта таълим муассасаларининг 11-синф битирувчилари учун ҳам давлат тилидан якуний назорат имтиҳонларини топшириш мажбурий бўлиши белгиланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган нодавлат-нотижорат ташкилотлари, шунингдек, хорижий грантлар олувчилар молиявий қийинчиликларга дуч келмаслиги ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси