Ўзбекистонда хорижий грант олувчилар молиявий тўсиқларга дуч келмаслиги айтилди
Жамият
−
27 Февраль 2433 2 дақиқа
Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган нодавлат-нотижорат ташкилотлари, шунингдек, хорижий грантлар олувчилар молиявий қийинчиликларга дуч келмаслиги айтилди. Бу ҳақда Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат-нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди директори Отабек Ҳусанов маълум қилди.
“Биз уларни олдин ҳам, ҳозир ҳам, келгусида ҳам тўлиқ қўллаб-қувватлашга, лойиҳаларини давом эттириши учун барча зарур шарт-шароитларни яратишга тайёрмиз. Шу билан бир қаторда, алоҳида яна қайт этмоқчимизки, 2025 йилда яхши хорижий грантларда муаммо бўлаётган бўлса, улар учун ҳам қўшимча равишда лойиҳа қилишга тайёрмиз”, дейди у.
Ҳусанов Трамп маъмурияти АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг грант дастурларини молиялаштиришни “музлатиб қўйгани” оқибатида Ўзбекистондаги бир қатор фуқаролик жамияти институтларининг лойиҳалари тўхтаб қолганини айтди. У барча фуқаролик жамияти институтларини Нодавлат-нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинадиган давлат гранти, давлат ижтимоий буюртмаларига фаол иштирок этишга чорлаган.
Маълумот учун, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) АҚШ ҳукумати таркибига кирувчи мустақил агентлик бўлиб, бошқа мамлакатларга ёрдам бериш мақсадида ташкил этилган. У 1961 йилда ташкил топган ва турли агентликларнинг функцияларини бирлаштирган. Гарчи расмий жиҳатдан мустақил давлат агентлиги бўлса-да, USAID АҚШ Президенти, Давлат котиби ва Миллий хавфсизлик кенгашига бўйсунади. USAID’нинг асосий фаолияти иқтисодий ривожланиш, соғлиқни сақлаш, таълим, гуманитар ёрдам, демократияни қўллаб-қувватлаш ва АҚШ халқаро сиёсий мақсадларини илгари суришдан иборат.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 20 январь куни бўлиб ўтган инаугурациядан сўнг АҚШнинг президентлик лавозимига киришган республикачи Дональд Трамп Қўшма Штатлар томонидан бошқа мамлакатларга кўрсатиладиган ёрдам дастурларини 90 кунга тўхтатиш ҳақида фармонни имзолади. У шу муддат давомида мазкур дастурлар янги маъмуриятнинг сиёсий мақсадларига мос ёки мос эмаслиги текширилишини маълум қилди. Трамп Халқаро тараққиёт агентлиги раҳбариятини телбалик ва радикализмда айблади. Ташкилотнинг таъкидлашича, USAIDʼнинг тўхтатилиши АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдид солиши ва минглаб америкаликнинг иш жойларини йўқотишига олиб келиши мумкин. Шундан сўнг, Америка федерал судьяси Карл Николс АҚШ ҳукуматининг АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ходимларининг 2 минг 200 га яқинини маъмурий таътилга чиқариш тўғрисидаги қарорини тўхтатди.
Live
Барчаси