АҚШ минглаб вирус намуналарини Уханга етказишни молиялаштирган – ОАВ
Олам
−
10 Июль 5013 2 дақиқа
АҚШнинг яқинда ёпилиб кетган Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Хитойдаги Ухан вирусология институтига 11 мингдан ортиқ турли вирус намуналарини етказиб беришни 10 йил давом этган дастур доирасида молиялаштирган. Бу ҳақда оммага илгари тақдим этилмаган ҳужжатларга таяниб, “Daily Caller” хабар берди.
“USAID COVID-19’нинг энг яқин “қариндошлари” тарқалган ҳудуд Юньнань провинциясидан Уханга – пандемия эпицентрига 11 мингта намунани етказишни молиялаштирган”, дейилади материалда.
Нашрнинг ёзишича, USAID бутун дунё бўйлаб вирусли материал намуналарини йиғиш дастурини амалга оширган ва улар орасида COVID’га энг яқин бўлган вирус намуналари ҳам бўлган.
“USAID томонидан глобал соғлиқни сақлаш бўйича илгари ажратилган грантлар устидан терговлар ҳали ҳам давом этмоқда”, дейди АҚШ Давлат департаментидаги исми сир тутилган юқори лавозимли вакиллардан бири.
У, шунингдек, амалдаги Президент маъмурияти даврида “муҳокамали дастурлар”га эндиликда маблағ ажратилмаслигини билдирган.
Қайд этиш жоиз, жорий йилнинг 1 июль куни USAID агентлиги тугатилганди. Бу қарор агентлик февраль ойида АҚШ Давлат бошқарув самарадорлиги департаменти раҳбари Илон Маск томонидан танқид қилингач ва Дональд Трамп бошчилигидаги Президент маъмурияти уни коррупция, маблағларни мақсадсиз ишлатиш ва фирибгарликда гумон қилиб, тугатиш жараёнини бошлаганидан сўнг қабул қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойда COVID-19’ни олдини олиш, назорат қилиш ва келиб чиқишини аниқлашга бағишланган оқ китоб (яъни расмий ҳукумат ҳужжати) эълон қилинганди. Ҳужжатда АҚШда Хитойдан аввал COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари қайд этилгани ҳақидаги кўплаб далиллар келтирилган. Шу асосда Хитой томони вирус келиб чиқишини аниқлаш бўйича кейинги босқичдаги тадқиқотлар АҚШда олиб борилиши лозимлигини таъкидлайди.
Ундан олдинроқ эса АҚШ маъмурияти COVID-19 лабораторияда келиб чиққани бўйича янги далилларни ўз ичига олган махсус интернет саҳифани ишга туширган эди. Унда Ухандаги лабораторияни асосий манба сифатида кўрсатувчи фикрлар илгари сурилган.