Барча ҳокимликларда иш ҳақи оширилади
Жамият
−
16 Июнь 8311 2 дақиқа
Ишчан ва жозибадор муҳит яратиш учун 1 августдан барча вилоят ва туман ҳокимликларида иш ҳақи оширилади, ходимларга ишига қараб ойлик устама ва қўшимча бонус берилади. Бу ҳақда бугун, 16 июнь куни амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги, ҳудудларда ишларнинг бориши, аҳолини ўйлантираётган масалаларга ечим топиш юзасидан Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Қайд этилишича, Сирдарё тумани ҳокими 9 та идора ходимлари, Савдо-саноат палатаси, банк, солиқ, кадастр вакили ва етакчи тадбиркорлардан иборат “Ислоҳотлар штаби”ни тузади. “Ислоҳотлар штаби” уч ойда туманнинг 38 та маҳалласи кесимида лойиҳа, инфратузилма, молиявий манба, кадрлар масаласини қамраб олган уч йиллик дастур тайёрлайди. Келгуси йил учун бюджет, инфратузилма, ишлаб чиқариш, хизмат, инвестиция ва бандлик дастурлари шу асосда тасдиқланади. Натижасига қараб, бу янги тажриба келаси йилдан бутун республикада йўлга қўйилади.
Яна бир муҳим янгилик – ишчан ва жозибадор муҳит яратиш учун 1 августдан барча вилоят ва туман ҳокимликларида иш ҳақи оширилади, ходимларга ишига қараб ойлик устама ва қўшимча бонус берилади.
“Лекин, қарс икки қўлдан чиқади. Ўзига юклатилган вазифани бажара олмаган ходимларга чора кўрилади. Ана шунда ҳамма интизом ва режа билан ишлашга ўрганади.
Вилоят, туман ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари, вазирлар, банк раҳбарлари яхшилаб эшитиб олсин: ярим йил якуни билан “ғалвирни сувдан кўтариб”, ким нима иш қилгани бўйича қаттиқ сўров қиламан”, деди давлат раҳбари маърузаси якунида.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ туманда иш ҳам, ёндашув ҳам, бошқарув тизими ҳам ўзгариши белгилангани айтилганди. Бу тизим йил якунигача Сурхондарёда тўлиқ, қолган ҳудудларда жадал ривожлантириш белгиланган 15 та туман ва шаҳар – Қўнғирот, Чимбой, Асака, Ғиждувон, Ғаллаорол, Яккабоғ, Хатирчи, Чортоқ, Булунғур, Сирдарё, Қува, Шовот, Ҳазорасп туманлари, Марғилон ва Янгийўл шаҳарларида, Тошкент шаҳрида эса Бектемир туманида жорий қилинади. Президент янги тизимни Сирдарё тумани мисолида тушунтириб берди.
Live
Барчаси