Янги Тошкентнинг ўз ҳокими бўлади

−

image

Янги Тошкент шаҳри ҳокимлиги ташкил этилади ва унга Президент томонидан тайинланадиган ҳоким раҳбарлик қилади. Бу ҳақда Президентнинг жорий йилнинг 10 ноябрь куни қабул қилинган “Янги Тошкент шаҳри ва ҳудудларда юқори мультипликатив самарага эга йирик шаҳарсозлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган.

Фармонга кўра, янги ҳокимлик тегишли маъмурий-ҳудудий бирлик тузилгунига қадар махсус ҳуқуқий режим доирасида ҳудудда бошқарувни ташкил этиш, аҳоли, ижтимоий ва инфратузилма объектларига хизмат кўрсатиш мақсадида ташкил этилади. Ҳудуд ҳокими Президент томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар 1 ой муддатда ўзларининг умумий штат бирликлари доирасида Янги Тошкент шаҳрида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг тузилмаларини ташкил қилади.

Бундан ташқари, фармонга мувофиқ Янги Тошкент шаҳар ҳокимлиги бошқарув аппаратининг намунавий тузилмаси тасдиқланди ва бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 14 нафарни ташкил этади. Мазкур аппарат таркиби ҳоким, унинг биринчи ўринбосари ва икки нафар ўринбосари (уларнинг ҳар бирида биттадан бош мутахассис), ҳоким ёрдамчиси, ахборот хизмати раҳбари, ташкилий-назорат гуруҳи, бош ҳисобчи, бош юрисконсульт ҳамда девонхонанинг икки нафар бош мутахассиси бўлади.

Шунингдек, Янги Тошкентдаги давлат органлари ва ташкилотлари бўлинмалари учун жами 30 та штат бирлиги ажратилади. Ободонлаштириш бошқармаси тузилмаси ва штатлари сони эса Тошкент шаҳри туманлари намунавий тузилмаси асосида ҳоким томонидан белгиланади.

Янги Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳамда Янги Тошкент шаҳридаги давлат органлари ва ташкилотларининг бўлинмалари вақтинча собиқ “Янги Тошкент” лойиҳа офиси биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи билан жойлаштирилади. Янги Тошкент ҳокимлиги ва тегишли идораларни сақлаш харажатлари Республика бюджетидан молиялаштирилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент қурилишини жадаллаштириш масалалари юзасидан инвестор ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказган эди.  


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends