Бахтиёр Саидов БМТда Ўзбекистон номидан сўзга чиқди
Олам
−
26 Сентябрь
9836Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Нью-Йоркда БМТ Бош ассамблеясининг 79-сессиясининг умумий муҳокамасида сўзга чиқди. Бу ҳақда у ўзининг Теlegram-каналида маълум қилди.
Вазир сессия чоғида Ўзбекистон номидан қуйидагиларни таклиф қилди:
- ривожланаётган давлатлар имкониятларини кенгайтириш мақсадида халқаро молия тизимини ислоҳ қилиш;
- барча учун хавфсиз, фойдаланиш мумкин бўлган рақамли технологиялар билан таъминлаш;
- иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича халқаро ҳамкорликни, айниқса, Марказий Осиёнинг заиф минтақаларида кучайтириш;
- аёллар ва ёшлар имкониятларини кенгайтириш;
- терроризм ва коррупцияга қарши курашишда ҳаракатларимизни бирлаштириш;
- Марказий Осиё ва ундан ташқарида транспорт коридорлари ва иқтисодий алоқаларни кенгайтириш;
- Термиз шаҳридаги Афғонистон фуқаролари учун ўқув марказини Глобал ўқув марказига айлантириш.
“Биз дунёнинг кўп нуқталарида нотинчликлар кучайиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Иқлим ўзгариши, камбағаллик, технологик номутаносиблик каби долзарб муаммоларни ҳал қилишда барчани яқинроқ глобал ҳамкорликка чақирамиз. Барқарор ривожланиш мақсадларига содиқлик ва Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлашда фаол иштирок этиш бизнинг асосий устувор вазифаларимиз бўлиб қолади”, дейди вазир ўзи саҳифасида.
Шунингдек, БМТ сайтида ҳам Саидовнинг нутқидан иқтибосларни келтириб ўтилди.
Иқлим ўзгаришининг оқибатлари
Ташқи ишлар вазирига кўра, Марказий Осиёда ҳаво ҳарорати дунё бўйича ўртача кўрсаткичдан тезроқ кўтарилмоқда. Бу озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги учун жиддий хатарлар туғдирмоқда. Сўнгги бир неча ўн йилликда Марказий Осиёда аҳоли жон бошига сув таъминоти даражаси икки бараварга камайган.
“Орол денгизи фожиаси минтақа мамлакатларининг барча экотизимларига ўта салбий таъсир кўрсатишда давом этмоқда. Биз халқаро донорлар ҳамжамиятни Оролбўйида ушбу офатнинг ҳалокатли оқибатларини юмшатишга қаратилган лойиҳаларни кенгайтиришга чақирамиз”, деган Саидов.
У Орол денгизи БМТ томонидан Экологик инновациялар ва технологиялар зонаси мақомини олган дунёдаги биринчи минтақа бўлганини эслатди.
“Бизнинг илғор тажрибаларимиз шу каби муаммоларга дуч келаётган бошқа мамлакатларга ҳам фойда келтириши мумкин“, дейди вазир.
Глобал муаммолар ва БМТнинг роли
“Урушлар ва можаролар, уч карра сайёравий иқлим инқирози, жаҳон иқтисодиётининг ёмонлашуви, ўсиб бораётган ижтимоий тенгсизлик ва технологик бўшлиқлар истисносиз барча мамлакатларга таъсир қилмоқда”, деган Ўзбекистон ТИВ раҳбари.
Шу нуқтаи назардан, у БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида йиллар давомида ривожланган кўп томонлама ҳамкорликнинг улкан салоҳиятини сақлаб қолишга чақирди.
“Биз БМТ ХХI асрнинг глобал муаммоларини ҳал қилишда марказий роль ўйнашда давом этиши кераклигига қатъий ишонамиз”, дея қўшимча қилди Бахтиёр Саидов.
Миллий даражадаги ҳаракатлар
У, шунингдек, глобал муаммоларни миллий миқёсда ҳал этиш ҳар қандай давлат барқарорлиги ва аҳолиси фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
“Барқарор ривожланиш мақсадларини ҳаётга изчил татбиқ этиш давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистон давлат сиёсатининг тамал тоши сифатида белгилаб берилган”, деди вазир.
ТИВ раҳбарининг сўзларига кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистон камбағалликни камайтириш, аҳолининг таълим олиш имкониятларини яхшилаш, “яшил иқтисодиёт”га ўтиш ва гендер тенглигини таъминлаш борасида сезиларли ютуқларга эришди.
“Ялпи ички маҳсулотимиз икки баравардан ошди, камбағаллик даражаси 11 фоизга тушди”, деди Бахтиёр Саидов.
Аёллар ҳуқуқлари
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон гендер тенглигини таъминлашда сезиларли ютуқларга эришди, бу кўрсаткич бўйича етакчи бешликка кирди.
“Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш мамлакат ҳукумати сиёсатининг асосий таркибий қисмидир”, деди вазир.
Минтақавий ҳамкорлик
Унинг айтишича, бугунги кунда минтақа йирик жаҳон бозорларига уланиш ва Буюк ипак йўлини жонлантиришга қатъий эътибор қаратмоқда.
“Марказий Осиё Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб қолмоқда”, деган вазир.
Афғонистон — Марказий Осиёнинг ажралмас қисми
“Афсуски, халқаро ҳамжамият Афғонистондаги оғир вазиятни ўзгартириши мумкин бўлган чораларни кўра олмади”, деди ТИВ раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон қўшни давлатга нисбатан “прагматик сиёсат” олиб бормоқда.
“Биз Афғонистоннинг иқтисодий тикланишига, транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантиришга ҳисса қўшишда давом этамиз”, деди Саидов.